БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МЕНИНГ ШОИРЛИГИМ
(Манзума)
- Менинг шоирлигим, дўсту ёронлар,
- Ёзилмиш манглайимга бир замонлар.
- Туғилмиш у ғаройиб паллалардан,
- Онам бошимда айтган аллалардан.
- Бешикдан сўз қидирган кўзларимдир,
- Лабимда оқ сути – илк сўзларимдир.
- Отамнинг боғда ҳар пайванд ниҳоли,
- Менинг таъбимни бир дилбанд ниҳоли.
- Заминнинг супрасида бор замирим,
- Фалак кайвониси қормиш хамирим.
- Менинг шоирлигим – дашту адирлар,
- Қуёшу ой анга ёпмиш патирлар.
- Яралмишдир кийиклар ишвасидан
- Ва жайрон жилғаларнинг жилвасидан.
- Мисоли лоладир – қонлиғ ва жозиб,
- Тубинда доғи ҳам ғоят ажойиб.
- Менинг ярми хазонлиғ кўкламимдир,
- Бу жисмим ҳам умрбод тўпламимдир.
- Дилим тўрғай сабоғи бирла чиқмиш,
- Тилим буғдой бошоғи бирла чиқмиш.
- Менинг шоирлигим – чархи замондир,
- Ярим дон бўлса, ярмиси сомондир.
- Қачонким ёрни зулфига илиндим,
- Ўшал ондин тилиндим мен, тилиндим.
- Қаро холин жафоси бунчалар кўп,
- Шунинг-чун кўнглима кўп нуқталар кўп.
- Менинг шоирлигим – ранжу риёзат,
- Ибодат ҳам адо бўлмас зиёрат.
- Муҳаббат оламидан бир хабардир,
- Муҳаббат мулкига оғир сафардир.
- Суйиб, чок-чокларимдан ҳам сўкилдим,
- Тўкилдим мен, шу йўлларда тўкилдим.
- Ўтиб кетган баҳорим ё дамимдир,
- Ўзимнинг ёшлигимга мотамимдир.
- Бу – очиқ бир бино, маҳзун иморат,
- Видо ҳам айрилиқлардан иборат.
- Менинг ҳижронларим – пушмонларимдир,
- Бу шеърлар дўст билан душманларимдир.
- Юрак-бағримга ҳам қилмай вафолар,
- Ҳазин жонимга келтирдим жафолар.
- Бу мунглуғ қуш билан йиллар кечирдим,
- Дилимнинг қонидан селлар ичирдим.
- Унинг мен бирла бир жанжаллари бор,
- Юрак-бағрим аро чангаллари бор.
- Менинг шоирлигим – дарду балодир,
- Мени ўтдин олиб, ўтга солодир.
- Қуюнлар ичра ўсган бир қизил гул,
- Куйиб кетсам, кўкаргай сўз бўлиб кул.
- Танамда бир умрлик яктагимдир,
- Умрбод мен тугатмас мактабимдир.
- Бу гулфом майни қай кунким симирдим,
- Қоронғу кечаларда сўз кемирдим.
- Бунинг оти тириклик ҳам ҳаётдир,
- Туганмас заҳмату сабру саботдир.
- Адо қилдим кўзида ёшларини,
- Оқартирдим онамнинг сочларини.
- Дилида кимниким бир дарди бордир,
- Туғишгандир менга, у менга ёрдир.
- Ажинлардан кимингким хатлари бор,
- Менинг қалбимда ҳам дастхатлари бор.
- Ким ўтган Яссавий бобомдан олдин?
- Зиёю завқни шу бобомдан олдим.
- Ўзим тупроқману пирим – самовий,
- Менинг дорилфунунимдир Навоий.
- Бу уммон узра мен бир мисли хасман,
- Ҳавасман, бор-йўғи мавжи ҳавасман.
- Менинг шоирлигим – рўйи жаҳондир,
- Ҳироту Кўнё ҳам Андижондир.
- Тамоми Термизийлардан таним бор,
- Насафлардан нафаслар олганим бор.
- Улуғвор Оқсаройлар узра ойим,
- Бу янглиғ фахр бермишдир Худойим.
- Мени зор андалиб қилди бу соҳир,
- Ўзи шоҳу жаҳонда лек мусофир –
- Муҳаммад Бобурим чеккан аламдир,
- Менинг оламда саргардон боламдир.
- Буюк Бобораҳим Машраб тупуги,
- Ўлардим бахтли – тегса бир кўпиги.
- Муҳаббат сингари мангу, давомий,
- Бу осмонлар, тикилсам – бунча мовий…
- Улуғлар хокини кўзларга суртдим,
- Ватандай муҳташам сўзларга суртдим.
- Буларсиз ҳеч менинг шеърим, тугалмас,
- Булар бордир – менинг шеърим туганмас.
- Унинг қўрғони – юз минг жон ва тандин,
- Ватандин бошланиб битгай Ватандин.
- Қаросочу қарокўзу қаламқош,
- Тили минг ёшдаю лекин дили ёш.
- Баҳорий ҳандалакдан бир тилимдай,
- Унинг ҳар шеваси – бир севгилимдай.
- Булар бари қароғим, кўзларимдир,
- Менинг офтобда ўсган сўзларимдир.
- Неча бир мустабид давру замонлар
- Қаёндин келдию кетди қаёнлар?
- Жаҳонга ўз сўзимни айтдим охир,
- Яна мен ўзлигимга қайтдим охир.
- Дилим ҳар бир дарахт, боғ бирла ўсди,
- Шу эл бирлан, шу тупроқ бирла ўсди.
- Менинг хоксор элим, офтобпарастим,
- Жаҳонда бор экан-ку қадду бастим.
- Жаҳолат бирла кўп носозлигимдир,
- Менинг шоирлигим – озодлигимдир.
- Она юртим, менинг жону жаҳоним,
- Ўзингдирсан, ўзингсан, онажоним.
2006ШЕЪР ВА КУРАШ
Устоз Абдулла Орипов ва полвон Абдулла Тангриевга
- Шеър аро полвон бўлиш осон эмас,
- Шеър фақат гул атри ё райҳон эмас.
- Шеър – серташвиш умрдир, серазоб,
- Шеър – заминдир ҳам, фақат осмон эмас.
- Мир Алишернинг буюк беш панжаси
- Бор ҳақиқатдир, фақат достон эмас.
- Шоиру шеър – якка, сўз майдонида
- Шер билан шер олишур, инсон эмас.
- Чин кураш майдонидир асли ҳаёт,
- Бўлмаса полвонлари – майдон эмас.
- Бунда ҳам ранжу алам чекмоқ керак,
- Доимо у чеҳраси хандон эмас.
- Ору номусдан яралган халқмиз,
- Ўлдиролур бизни ор, ёлғон эмас.
- Дил муроди, эл муроди ўлмагай,
- Паҳлавон Маҳмудлари ўлғон эмас.
- Барчинойлар бирлан Алпомишлари
- Эскидан қолган қизу ўғлон эмас.
- Шаъну шавкат рамзидир Темур бобо,
- Шунчаки соҳибқирон хоқон эмас.
- Шул сабабдан мард Темурзодалар
- Паҳлавондир аввало, султон эмас.
- Жисмимизда кеча-кундуз қайнаган
- Ота-боболар ғурури, қон эмас.
- Енга олмаскан рақибин кимки, ул
- Ўзбекистонлик эмас, полвон эмас.
2006УМР ТАРТИБИ
(“Бозор ижодиёти”дан)
- Ҳар куни битта тухум
- Ҳаётинг учун муҳим.
- Ҳар куни тўртта илик
- Есанг – илигинг тўлиқ.
- Ўтказмоқ-чун бир тўйни
- Сўйдинг ўн хўкиз, қўйни.
- Қолмаса гуруч, унинг,
- Қон ютиб ўтар кунинг.
- Яна буғдой, дон дейсан,
- Ҳар куни ўн нон ейсан.
- Нафсинг билан лафзинг бор,
- Пиёзинг ҳам сабзинг бор.
- Парранда, балиқ ейсан,
- Оз эмас, тўлиқ ейсан.
- Булар – дашту далангдир,
- Ўғил-қизинг – болангдир.
- Қозону товоқ дейсан,
- Чалвору бошмоқ дейсан.
- Ажин эмас юзларинг –
- Рўзғорингдан изларинг.
- Кўзларинг ҳам – тушлардир,
- Пати синган қушлардир.
- Бу не янглиғ кор бўлди –
- Қора сочинг қор бўлди.
- Қурмоқ-чун бир иморат,
- Чекдинг қанча риёзат.
- Бир тилло занжир учун
- Юракларинг бўлар хун.
- Ташвишларинг, дардларинг –
- Сенинг умр дафтаринг.
- Ғийбатлар ҳам тўқийсан,
- Бир-бирингни чўқийсан.
- Лекин қачон, эй инсон,
- Битта китоб ўқийсан?!
2006СУҚРОТ АЙТАДИКИ…
- Суқрот айтадики: – Бино бўлурсан,
- Дунёга қўшилиб дунё бўлурсан.
- Ўсиб, камол топиб, вояга етиб,
- Бир йигит бўлурсан – барно бўлурсан.
- Бир гўзал, нозанин қизга уйланиб,
- Балки саодатда танҳо бўлурсан.
- Ғам чекма, хотининг ёмон чиқса гар –
- Файласуф бўлурсан, доно бўлурсан.
2006“ТОШКЕНТ ОҚШОМИ”ГА
- Устоз Ғафур Ғулом дуоси билан
- Парвозин бошлаган уйғоқ газетам.
- Сен борсан – қалбимнинг туғроси баланд,
- Асло якун топмас менинг қасидам.
- Элнинг ховотиру оғриқларидан
- Юпанч, тасаллидай бунёдга келдинг.
- Машъум зилзиланинг ёриқларидан
- Оқ атиргул бўлиб дунёга келдинг.
- Ярми вайрон уйнинг эшигин излаб,
- Шитирлаб хушхабар келтирган ўзинг.
- Жажжи чақалоқнинг бешигин сийпаб,
- Салқин саболарни елдирган ўзинг.
- У пайтлар биз ҳали ёш бола эдик,
- Завқу орзуларга лиммо-лим юрак.
- Томларда югурган гуллола эдик,
- Гўзал оқшомлардан бергансан дарак.
- Ҳали “Маҳаллада дув-дув гап” – ҳаёт,
- Ўлмас Лутфихоним ая сиймоси.
- Шундадир дилларга нур берган баёт,
- Шундадир меҳрнинг асл кимёси.
- Оддий темирчининг оталик тафти
- Етгайдир дунёнинг болаларига.
- Бунда чизиқлари оналар кафтин
- Уланган қуёшнинг толаларига.
- Мен баҳордан қолган қалдирғоч эдим,
- Қалдирғоч қайдадир қишламоғи шарт.
- Қалдирғоч, айниқса ёш шоир бўлса,
- Энг аввал “Оқшом”да ишламоғи шарт!
- Тошкент қизларининг кўйлакларида
- Бир сатрдан шеърим, шодлигим қолган.
- Ҳар бир саҳифангнинг йўлакларида
- Муҳаббатим қолган, ёшлигим қолган.
- Азиз устозларга мен қўйиб ихлос,
- Ранжу заҳматларин кўргандим бунда.
- Ҳаётнинг шафқатсиз кўзларига рост,
- Тик қараб яшашни ўргандим бунда.
- “Мотамсаро она” қошида у кун
- Бир кемтик нондайин турганларим бор.
- Анҳор бўйларида ёр суйиб гулгун,
- Эрка шоирингдай юрганларим бор.
- Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг.
- Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Устувар қўрғонсан – чин дўстларингу
- Кексаю ёшларнинг тилакларида.
- Эзгулик аркасин устунларию
- Турналари билан лайлакларида.
- Фақат кўнгиллардан таралсин ёлқин,
- Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.
- Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,
- Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.
2006ЯХШИЛИК
- Яхшилик қил – элу юртинг,
- дўсту ёру бегонага яхшилик қил.
- Энг аввало – ўз онангга,
- Ҳеч бўлмаса – ўз онангга
- ўхшайдиган бир онага
- яхшилик қил!
2006ОДАМ – ТЕЛЕФОН
- Биқинда – бир телефон,
- Бўйнингда – бир телефон.
- Бир телефон – киссангда,
- Қўйнингда – бир телефон.
- Қўлингда – қул телефон,
- Ўйингда – пул телефон.
- Сенга ҳамдамдир – кезсанг
- Саҳрою чўл – телефон.
- Қизингда – бир телефон,
- Ўзингда – сир телефон.
- Уйда неча жонинг бор –
- Шунча телефонинг бор.
- Қўймайди хушторларинг,
- Дилбару дилдорларинг.
- Баданларинг зириллар,
- Телефонинг ириллар.
- Камалакни кўрмайсан,
- Капалакни кўрмайсан.
- Тўхтаб туриб, майсага
- Боқдингми бир лаҳзага?
- Бир кун ўтсанг, эй одам,
- Сенга ким тутар мотам?
- Жанозангга нолонлар
- Тўпланар телефонлар.
- Зирқирайди биқининг –
- Буйракдаги тошингми?
- Телефонлар охири
- Едиларку бошингни.
- Маъракангда жам бўлиб
- Ейдилар ҳам ошингни.
- Кейин дўсту ёрларинг
- Йиғлаб бардош, сабрингга,
- Мармартош телефонни
- Ўрнатишар қабрингга.
2006ЁТИБЛАР ИЧГАН СУВЛАРИМ
- Ёш чоғларимдан севмишим –
- ётиблар ичган сувларим.4
- Армони йўқ ёзу қишим –
- ётиблар ичган сувларим.
- Ҳовучларимда – тоғу тош,
- ҳовучларимда – ой, қуёш,
- Шундан қуёшдек балқишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Қонимда минг боғбон менинг,
- ичган ота, бобом менинг,
- Аждодларим ҳам кечмишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Мен жон ва тан ўрганмишам,
- Сиздан Ватан ўрганмишам,
- Шаъну шараф ҳам олқишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Кўчатларим боғ бўлғуси,
- кўксим менинг тоғ бўлгуси,
- Фахрим яна оройишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Токи ҳаёт бўлгай ҳаёт,
- шеъру баёт бўлгай ҳаёт,
- Шулдир менинг олий ишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Жонимни минг тўрғай қилиб,
- меҳримни ҳам улғайтириб,
- Пишди менинг дил кишмишим,
- ётиблар ичган сувларим.
- Сиз мен учун – мангу қасам,
- кўнглим келиб бир чайқасам,
- Оламда қолмас ташвишим,
- ётиблар ичган сувларим.
2006ИЗҲОР
- Бир тилим ҳандалак, бир тилим ҳилол
- Минг йил кўз ўнгимдан кетмагай ҳаргиз.
- Сен – мангу халқдирсан, ризқ-рўзи ҳалол,
- Мен – сендан тарқаган, кўкарган илдиз.
- Одам атолардан нишоним дедим,
- Сени бобом дедим, деҳқоним дедим.
- Элин билмаганлар юртин қарғарлар,
- Миннат қилганлар бор берган ош-нонин.
- Кетди боғларингни босган қарғалар,
- Азал булбулларга гўзал ошёним.
- Тўрғайларга ўнғай маконим дедим,
- Сени бағрим дедим, осмоним дедим.
- Амир Темурлардан қолган номус-ор,
- Бир синиқ ғишти ҳам шараф-шон юртим.
- Сен – ўлмас ғурурсан, сўнмас ифтихор,
- Суви ҳам, қуми ҳам зарафшон юртим.
- Асрлар жўш урган дил қоним дедим,
- Туғи абад баланд қўрғоним дедим.
- Сен – ўн бешга тўлган отажонимсан,
- Бешигинг ислари кетмаган ҳали.
- Тожу тахтим менинг, зўр имконимсан,
- Бори тириклигим, умрим сайқали.
- Сени – қошу кўзим, мижгоним дедим,
- Ўз уйимда ўсган султоним дедим.
- Менинг бу дунёда бошқа онам йўқ,
- Онажоним ўзинг – танҳо, ягонам.
- Сен борсан – сўзимнинг бошоқлари тўқ,
- Сен борсан – тинмагай тилдан таронам.
- Сенга садқа бўлсин бу жоним дедим,
- Сени жоним дедим, жаҳоним дедим.
- Халқ бўлиб заминда кўз очган кундан
- Қанчалар меҳнату миннат кўрдик биз.
- Асли Истиқлолнинг ғояси шундан,
- Жон чекиб, муҳташам давлат қурдик биз.
- Эзгулик даргоҳим, майдоним дедим,
- Оламга очилган айвоним дедим.
- Дунё ҳам бўлиниб тулпор, отларга,
- Қувончу ғам деган тарафлар бўлгай.
- Лекин эл-юртим деб ёнган зотларга
- Абадият қадар шарафлар бўлгай.
- Бир тонгда ушалган армоним дедим,
- Кетмас бўлиб келган давроним дедим.
2006МЕҲР
- Бунчалар меҳрни ҳеч қайдан топмам –
- Опам – кўнглим бўлди,
- Кўнглим-чи – опам.
- Дарду соғинчларга шунчалар сингдим –
- Синглим – кўнглим бўлди,
- Кўнглим-чи, синглим.
2006ФУРҚАТ БОБО ВА ФЕРМЕРЛАР
ҚИССАСИ
- Ўтиб кетди замонларнинг ёмони,
- Замон бўлди ўзбекларнинг замони.
- Ортда қолди қанча нурсиз паллалар,
- Ўзимизга қайтди охир далалар.
- Ҳур-ҳур эсиб Ҳурриятнинг шамоли,
- Гўзал ёрдай очилди юрт жамоли.
- Тракторлар тулпорлардай кишнаган,
- Пайкаллар ҳам озод бўлди кишандан.
- Шукр дейсан, шу беминнат нонинг бор,
- Ўзингники бўлган ғалла, донинг бор.
- Топган шаъну шукуҳингдир Истиқлол,
- Энг аввало ҳуқуқингдир Истиқлол.
- Ёру диёр ҳажрида бир замонлар
- Фурқат бобо чеккан эди фиғонлар.
- Мана энди, тақдир вафо қилсайди,
- Ўз юртига букун қайтиб келсайди.
- Кўзларидан ёшлар оқиб шашқатор,
- Сажда айлаб ерга такрор ва такрор.
- Туриб Қамчиқ довонидан боқарди,
- “Шевролет”лар кўнглига ўт ёқарди.
- Кўрарди у обод бўлган дилларни,
- Қашқаргача кетган текис йўлларни.
- Бу дунёда ҳар мулкнинг эгаси бор,
- Оламларнинг эгаси Парвардигор,
- Бу юртга ҳам қилиб чексиз иноят,
- Эгасига бермиш уни ниҳоят.
- Ҳар томонда пулдорлару мулкдорлар,
- Жаҳон аҳли билан айлаб гуфторлар,
- Бўш келмайин савдо-сотиқ бобида,
- Эллар аро ўрнатмишлар робита.
- Кўприклару шаҳру майдон, кўчалар…
- Фурқат бобо завққа тўлди шунчалар.
- Янги чаман, гулшанлардан гул олди,
- Кейин дашту далаларга йўл олди.
- Адирларни адирларга ошириб,
- Буғдойзорлар уфқларга бош уриб.
- Пахтазорлар қадр кўрган, қаралган,
- Эгатлари қиз сочидай таралган.
- Кўз ўнгида чўпчакми ё эртаклар?
- Фермер бўлмиш аёллар ҳам эркаклар.
- Юзларида далаларнинг чанги бор,
- Ҳар бирининг ўз пули, ўз банки бор.
- Савлатида зўр меҳнатнинг сурури,
- Ўзимники деган фахру ғурури.
- Изсиз кетмиш кўҳна дарду армонлар,
- Кўкрак кериб сармоядор деҳқонлар,
- Ерни жисму ўзни ерга жон қилмиш,
- Ер шаънини шараф қилмиш, шон қилмиш.
- Қанча ўсма кетди, яна қош қолди,
- Бобо тағин кўзларига ёш олди.
- Чалдиворлар, бўйраларни эслади,
- Худбин, тўнгбош тўраларни эслади.
- Оғринди кўп элга кўнгли берклардан –
- Бирлашмаган амирлару беклардан.
- Ўтиб кетмиш замонларнинг ёмони,
- Замон бўлмиш ўзбекларнинг замони.
- Ниятлари, заҳматлари ҳақ бўлмиш,
- Ватан бўлмиш Ватан, эли халқ бўлмиш.
- Шоир, сен ҳам шеърни қўй-да, ер олгин,
- Ҳар бошоқ, ҳар ғўзадан бир шеър олгин.
- Ишлов берсанг – шеър ҳам худди ер янглиғ,
- Ер ҳам, боқсанг – ғазал янглиғ, шеър янглиғ.
- Ер меҳнати, шеър заҳмати туганмас,
- Бу тупроқнинг муҳаббати туганмас.
- Топган шаъну шукуҳингдир Истиқлол,
- Энг муқаддас ҳуқуқингдир Истиқлол.
- Тўй қилайлик икки юз йиллигида
- Фурқат бобо фермер хўжалигида.
2006АВАЗ ЎТАР
- Умр ўтар, нафас ўтар,
- Орзу ўтар, ҳавас ўтар.
- Қаср ўтар, қафас ўтар,
- Қанча бек, қанча кас ўтар.
- Ҳаммаси басма-бас ўтар –
- Абас ўтар, абас ўтар.
- Қолар фақат, қолар абад
- Аваз Ўтар, Аваз Ўтар.
2007«Тушмиш фалак айвонларидан…»
- Тушмиш фалак айвонларидан
- Сарвиқомат ўрис қизлари.
- Кўм-кўк, тиниқ осмонларидан
- Ранг олмишдир мовий кўзлари.
- Кокиллари қуёшдай текин,
- Ким чизмишдир қадду бўйларин?
- Оталарин билмадим, лекин
- Оналари қайин буларнинг.
2007МАҚОЛ ТАҲЛИЛИ
- “Отанг – бозор, онанг – бозор”,
- Сен бозорда туғилдинг.
- Қўшиғинг, таронанг бозор,
- Шу қўшиққа йўғрилдинг.
- Болалигинг яллалари –
- Ғала-ғовур яллалар.
- Тарозининг паллалари
- Айтган сенга аллалар.
- Бешигингга эгилгандир
- Расталари тегрангдан.
- Сени бозор эмизгандир,
- Сени бозор тебратган.
- Бир маҳаллар оёқяланг
- Писта чақиб юргандинг.
- Улғайдинг сўнг эпчил, фаранг,
- Сотишни ҳам ўргандинг.
- Ҳам муҳтарам, ҳам муттаҳам,
- Ҳаммани безор қилдинг.
- Шундай катта дунёни ҳам
- Охири бозор қилдинг.
- Бозор яшар то бор рўзғор,
- Енгу ёқанг ҳам бозор.
- Отанг – бозор, онанг – бозор,
- Бола-чақанг ҳам бозор.
- Кимки кимдан ўзар – бойдир,
- Ким бунда ётиб олди.
- Битта аканг – Бозорбойдир,
- Бир уканг – Сотиболди.
2007ЭСКИ ЭРТАК
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Йўл беринглар, акалар.
- Хабар берар учиб, қўниб,
- Зийрак, ҳушёр ҳаккалар.
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Қаранг ўнгу сўлларга.
- Кўча-кўйлар супурилган,
- Сув сепилган йўлларга.
- Таъзим айлаб турар гўё
- Дарахтлару гулзорлар.
- Гўё бир зум тиниб қолар
- Ғала-ғовур бозорлар.
- Миршаббоши, мингбошилар,
- Ясовуллар югурган.
- Миноралар тўрт тарафда
- Соқчилардай ғоз турган.
- Оппоқ-оппоқ саллаларда
- Каллалари иш бошлар.
- Қозикалон югурмоқда,
- Югурмоқда пешволар.
- Вазирлару муҳрдорлар,
- Ҳовлиқмоқда, елмоқда.
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Подшоҳ ишга келмоқда.
- Бут бўлсин деб рўзғорлару
- Асбоблару анжомлар.
- Ишласин деб темирчилар,
- Ҳаммоллару ҳаммомлар.
- Янги қасру кошоналар
- Шаҳарларга берсин зеб.
- Тинч бўлсин деб гадойлар ҳам,
- Бойлар ҳам тинч бўлсин деб.
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Шундоқ ўтар ой, кунлар.
- Солиқчилар ишласин деб,
- Ишласин деб ҳокимлар.
- Қаллоблару ғаразгўйлар
- Юрак-бағрин тилмоқда.
- Муттаҳамлар пичирлайди:
- Подшоҳ ишга келмоқда.
- Бир-бирининг пинжларидан,
- Енгларидан мўралар,
- Хушомадгўй мирзолару
- Лаганбардор тўралар.
- Баъзиларнинг кўнгли дарров
- Об-ҳаводай айнийди:
- Бир кунгина подшоҳ ишга
- Келмасайди, қанийди.
- Мамлакатни махкам тутган
- Белидаги белбоғдай.
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Подшоҳ ишга келмоқда.
- Подшоҳ ишга келмоқдадир,
- Соатини тўғрилар.
- Қолмасин деб мамлакатда
- Каззоблару ўғрилар.
- Ғайратию ҳафсаласи
- Юз минг таҳсинга лойиқ.
- Олампаноҳ ишдадир деб,
- Ишлар халқу халойиқ.
- Подшоҳ ишга келмаганда
- Не бўларди салтанат?
- Тўхтаб қолар эди ҳаёт,
- Тўхтар эди мамлакат.
- Яратган ҳам соям деган,
- Бўлсин деган огоҳлар.
- Минг йиллардан буён шундоқ
- Ишга келар подшоҳлар.
- Ҳар бир элга Ўзи карам,
- Ўзи айлар иноят.
- Адлу инсоф бўлсин токи,
- Бўлсин токи диёнат.
- Сиз ҳам олам аҳволидан
- Огоҳ бўлинг, дилхоҳлар.
- То дунё бор экан – ишга
- Келаверсин подшоҳлар.
- Токи хаёл, токи ҳаёт,
- Тириклик бор одамда,
- Ҳар бир уйда тинчлик бўлсин,
- Тинчлик бўлсин оламда.
2007ҲАҚ СЎЗ. АБДУЛЛА ҚАҲҲОР
- Улуғ Ватан адабиёти
- Улуғ Ватан каби – улуғ қурбонлар
- Эвазига рўёбга келган.
- Эҳ, бунда ҳам тўкилган қонлар,
- Лахта-лахта дилларнинг қони.
- Дўстим, бу китобни авайлаб ўқи,
- Бу – Абдулла Қаҳҳорнинг жони.
- “Ёшлар билан суҳбат” эмас, кўр,
- Ниҳол истеъдоднинг тилагидир бу.
- Дўстим, бу китобни кўзларингга сурт,
- Абдулла Қаҳҳорнинг юрагидир бу.
- Шартмас, ёзувчини бадарға қилмоқ,
- Уни зиндонларда чиритмоқ шартмас.
- Унинг атрофига наслу насаби
- Номаълум нокаслар урчитилса – бас.
- Фисқу фужурларга фаровон тузум,
- Каттасидан тортиб кичигигача –
- Душман деб санаган Қаҳҳорнинг ёзган
- Асаридан тортиб кучугигача.
- Замон шундоқ эди –
- Мустабид замон
- Адибнинг ҳақ сўзин кемиролмади.
- Тоғдай вужудини емирдию, лек
- Унинг иймонини емиролмади.
- Ҳақ сўзни ҳар ким ҳам айтавермаган.
- Ҳақ сўз алал-охир муҳтарам айлар.
- У сўзлар ҳозир ҳам уйқу бермагай
- Адабиётдаги муттаҳамларга.
- “Чорак аср ҳамнафас” эмас,
- Чорак аср дилдош, оғриқдош
- Бўлиб яшагансиз, Кибриё опа.
- Ёш шоирлар ўқир – кўзларида ёш.
- Миллатни кўтаргай баъзан бир асар,
- Озод мамлакатнинг осмонидир бу.
- Адабиёт нима десалар агар –
- Абдулла Қаҳҳорнинг виждонидир бу.
1987, 2007МАҚСУД ШАЙХЗОДА. ЁЗИЛМАГАН ХОТИРАЛАР
- Мен бир бола эдим,
- Бу тақдир мени
- Минг бир бўлакларга бўлиб ташлади.
- Вақтим талош бўлди ҳасратларимга,
- Дардларга ем бўлди кўнглим даштлари.
- Тонгларим оққушдай учдию кетди,
- Мен бир бола эдим – шабнамдай бола.
- Тошкент, биноларинг тил чиқарсалар,
- Менинг исмим айтиб қилгайлар нола.
- Ҳар касу нокаснинг кўнглин кўтариб,
- Юрдим гоҳ мисоли беғам шаҳзода.
- Букун айтинг энди – номардлар аро
- Қандай кун кўрганди Мақсуд Шайхзода?
- Қаттол рақиблару баттол рафиқлар
- Гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон тазйиқ этгану,
- “Чорак аср девони”нинг асл нусхасин
- Ёзолмайин олиб кетган у.
- “Тоғдай одам эди…” дея эслайсиз,
- Айтинг ўшал тоғнинг йиғлаганини.
- Нураганларини айтинг,
- Айтинг ортидан
- Ҳеч ким кузатгани чиқмаганини.
- Мен бир бола эдим.
- Болалик қолдими?!
- Замон виждон томон буткул ўзгарди.
- Қаранг: “Халқ душмани” бўлганлар дўсту,
- Душман бўлиб чиқди халқнинг дўстлари.
- Айтса гап кўп дейсиз…
- Йиллар қораяр,
- Шом жом чалар Шошнинг курантларида.
- Жанглар тинди, лекин тинмади ғийбат
- Адабиёт фронтларида.
- Сиз узоқ яшайсиз, худбин жасадлар,
- Бироқ абадият буни билади:
- Шайхзода ўлмаган,
- Ҳозир достондан
- Султон Улуғбекдай чиқиб келади.
1988, 2007БИР ИДИШ
Одам танасида қориндан ёмонроқ
идиш йўқдир…
Ҳадисдан
- Ҳар кимсанинг иншосида
- Келиш бордир ҳам кетиш.
- Идиш-товоқ дунёсида
- Одамзот ҳам бир идиш.
- Олам катта ошхонадир,
- Ярим фақир, ярим бой.
- Битта қисми айшхонадир,
- Битта қисми – қоринбой.
- Келмоқ, кетмоқдан муддао –
- Ейиш эмас ё ичиш.
- Гарчи инсон эрур, аммо
- Одамзот ҳам бир идиш.
- Гарчи оғиз-бурун берган,
- Гарчи берган қош, қабоқ.
- Тикилсангиз, олиб юрган
- Бош эмасдир – ошқовоқ.
- Нафсин қўзғар такрор-такрор
- Молу дунё ишваси.
- Лекин кўнгил косаси бор,
- Бордир кўнгил шишаси.
- Дунё – бир келиб кетишдир,
- Гоҳ қувонч, гоҳ ғам идиш.
- Одамзот ҳам бир идишдир,
- Одамзот ҳам бир идиш.
- Кир босгайдир уни, ҳар дам
- Нафсин қувиб турмаса.
- Тонгу пешин, асру шом ҳам
- Хуфтон ювиб турмаса.
- Ўзинг инсоф бер, Худойим,
- Камол топсин боласи.
- Пок ва тоза бўлсин доим
- Унинг кўнгил косаси.
2007ВАТАН
- Ерда ҳам тил бордир,
- Тунлар қовушиб,
- Дилга айланадир яхлит жон ва тан.
- Элликқалъалардан келса товушинг,
- Товушларинг келса Тупроққалъадан.
- Тупроққалъалардан келар товушинг,
- Товушларинг келар Элликқалъадан.
- Мен ҳам бир қўрғондай кетгум қоришиб
- Улуғ қўрғонлардан яралган Ватан.
2007ДАРЁ
- Ким шамол,
- Ким отда учиб елишди,
- Пешинми, шом чоғи ва ё эрталаб,
- Шеърият шаҳрига кириб келишди.
- Мен Тўполондарёни келдим етаклаб.
- Сеҳрли бу шаҳар,
- Гўзал бу шаҳар,
- Ваъда айлар эди жозиб эртаклар.
- Зангор дарвозасин очиб бир саҳар,
- Мен Тўполондарёни кирдим етаклаб.
- Бир пайтлар ҳазрати Хизрлар янглиғ
- Кезган устозларнинг қутлуғ макони.
- Тўтилар юрарди вазирлар янглиғ,
- Мен юрдим етаклаб Тўполондарёни.
- Нозик гулойимлар ташбеҳлар узиб,
- Чалғитиб юрарди ўнгу рўёни.
- Тонгги кўчаларнинг сукутин бузиб,
- Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.
- Ярим ошқозони йўқ булбул билан
- Дўст тутиндик кейин тўшаб бўйрони.
- Мен унга термулдим,
- У менга дилтанг:
- Нима қилсак экан Тўполондарёни?
- Улуғ уммонларнинг товуш, сасига
- Дил бериб, ўргандик назмий дунёни.
- Сўнгра Ёзувчилар уюшмасига
- Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.
- Ҳайъат қабулига кирдик сўнг секин,
- Ҳайъат бизга, биз ҳам ҳайъат ҳайрони.
- – Сизни қабул қилдик майлига, лекин
- Нима қилсак экан Тўполондарёни?
- Уйли-жойли бўлди шоирлар қатор,
- Шеър ахир кўнгилнинг эрка жайрони.
- Бизнинг ҳам энди ўз рўзғоримиз бор,
- Нима қилсак экан Тўполондарёни?
- Шеърият, шеърият –
- Ёддир, фарёд ҳам,
- Не зотлар дил аро ёш олиб кетди.
- Мен олиб келганим тошқин дарё ҳам
- Бир тонг хайрлашмайин бош олиб кетди.
- Балки чидолмади ҳасадгўйлару
- Мен таништирганим дўсту ёрларга.
- Бир-бирин кўролмай юрган кўзлару
- Кўнгли қаролар ҳам ичи торларга.
- Лойқа давралардан ғамларга тўлди,
- Кетди. Йиллар ўтди. Ўзгарди замон.
- Бугун Тўполондарё сувомбор бўлди,
- Мен уни етаклаб юрибман ҳамон.
2007ОДАМ
- Адам даштидаги Одам,
- Адам надир? Одам надир?
- Адам – йўқлик дегани ҳам
- Одам – о, дам деганидир.
- Ўтар-кетар ёзу қишинг,
- Ҳаёт боринг олар фақат.
- Бу дунёда гўзал ишинг,
- Эзгулигинг қолар фақат.
2007МАНЗИЛЛАР
- Қобулгача – беш юз ёғоч,
- То Ҳирот – минг чақирим.
- Овоз етмас, йўқдир илож,
- Юз йил юрсанг чақириб.
- Мисли эгиз кўзу қошу
- Мисли яхлит тахту тож,
- Бобургача – беш юз тошу
- То Навоий – минг ёғоч.
- Булар асло эмас рақам
- Ва ё тарих йиллари –
- Йўлларидир “Хамса”нинг ҳам
- “Бобурнома” йўллари.
- Маънавият жаҳонига
- Осмонлардир мусаффо.
- “Хазойин ул маоний”га
- Еткизгувчи масофа.
- Надир асли умр кўрмоқ –
- Касби камол этмакдир.
- Навоийга етиб бормоқ
- Минг йиллик йўл демакдир.
2007НАВОИЙНИНГ НАБИРАЛАРИ
- Тирикликнинг бол, ширалари,
- Бири улуғ, кичик бирлари,
- Фахр этиб юргайдир бари,
- Навоийнинг набиралари.
- Ярқирайди тилло узукдек,
- Шу узукка қўйилган кўздек.
- Бири Бобур, бири Улуғбек –
- Навоийнинг набиралари.
- Кўркам бўю қадду қоматлар,
- Кулса шундай кулар омадлар.
- Чиқмасин ҳеч сиздан номардлар,
- Навоийнинг набиралари.
- Ўз кўнглида кўзлар Марсларни,
- Гижинглатиб юрар “Мерс”ларни.
- Қолдирмасин экан дарсларни,
- Навоийнинг набиралари.
- Чиннидай оқ дорилфунунлар,
- Сизга – йиллар, сизга бу кунлар.
- Илм ишқида бўлинг Мажнунлар,
- Навоийнинг набиралари.
- Қадим замон, Ҳақ замонидан,
- Олтин чиққан олтин ёнидан,
- Сиз ҳам ўшал олтин конидан,
- Навоийнинг набиралари.
- Интилсангиз – бир кун етгайсиз,
- Манзилларга зиё элтгайсиз.
- Фарҳод-Ширин бўлиб кетгайсиз,
- Навоийнинг набиралари.
- Куртак ёзар пайвандларингиз,
- Унутманг ҳеч: дилбандларингиз,
- Туғилажак фарзандларингиз –
- Навоийнинг набиралари.
- Ҳазрат бобо Сўзни ўйлаган,
- Қанча қошу кўзни ўйлаган.
- Асли ул зот Сизни ўйлаган,
- Навоийнинг набиралари.
- Эл-юрт омон, даврон саломат,
- Яратгандан Сизга каромат.
- Ҳаёт ўзи айлар хушомад,
- Навоийнинг набиралари.
- Умр асли – насиб ё насиб,
- Ҳар дилга бир гул мутаносиб.
- Навоийга бўлсин муносиб,
- Навоийнинг набиралари.
2007САМАРҚАНД ОСМОНИ
А. Қ.
- Боқиб Самарқанднинг боғ-гулзорига,
- Шу улуғ кунларни сезиб тургандай –
- Гўё булутларнинг оқ тулпорида
- Соҳибқирон бобо кезиб юргандай.
- Аввал осмонларда яралгай зафар,
- Сўнг Ерга туширгай руҳ озодалар –
- Дунёга келгайлар мард ва музаффар,
- Темурхон юртида Темурзодалар.
2007«Навоийнинг ғазаллари…»
- Навоийнинг ғазаллари –
- Сўздан унган ватанлар,
- Дил қонидан, кўзёшидан суғорилган чаманлар.
- Бунда булбул ўлса агар – гул қонига ювгайлар,
- Бунда ошиқ ўлса агар гулдин бўлур кафанлар.
2007ДИЙДОР
- Ота уйимизда ёзу куз, баҳор,
- Ака-укалару опа-сингиллар,
- Тўпланган пайтлари такрор ва такрор,
- Порлагандай бўлар ўнлаб қандиллар.
- Қуюқ хотиралар пиёласидан
- Эсдаликлар ичиб ўлтирар онам.
- Дийдору шодликлар шалоласидан
- Барча хандон бунда,
- Дўсту ёрон жам.
- Тиниб қолгандайин гўё атайин
- Ёғоч сўримизнинг тепасида ой.
- У ҳам совуб борар тун ўтган сайин,
- Мисли бир пиёла тўла сариқ чой.
- Баҳор келаверсин такрор ва такрор,
- Бизнинг тонгимизни ғариб шом қилма.
- Давом этаверсин ҳаёт ва дийдор,
- Худо, шу дамларни паришон қилма.
2007ДИЛ
- Худо менга берган олам
- Ер, осмони билан келган.
- Худо менга берган далам
- Буғдой, нони билан келган.
- Худо менга берган болам
- Нигоҳбони билан келган.
- Худо менга берган алам
- Гиёҳ, дони билан келган.
- Худо менга берган нолам
- Сиёҳ ‒ қони билан келган.
- Худо менга берган қалам
- Сиёҳдони билан келган.
2007, 2016СОМОН ЙЎЛИ СОМОНЛАРИ
Акам Шарафиддинга
- Бизлар сомон ташир эдик Сомон йўлидан –
- Адирларга тегиб турган осмон йўлидан.
- Ой нурида ярқирарди буғдойпоялар,
- Ойдин тунлар, сувлар ойдин, ойдин соялар.
- Бизлар билан туғишгандай – беғам, беармон,
- Даштлар ярми заъфар эди, ярми – нофармон.
- Гўё кенжа укамиздай бардам, безавол,
- Бизлар билан сомон ташиб юрарди шамол.
- Гарчи буғдой бошоғидан ёшроқлар эдик,
- Буғдойзорлар аро биз ҳам бошоқлар эдик.
- Қирлар узра тупроқ кечиб, кезиб дашту сой,
- Бизлар билан сомон ташиб юрар эди ой.
- Адирларга тегар эди осмонларимиз,
- Тўкилдилар, сочилдилар сомонларимиз.
- Хирмонжойда чарх урарди бир бутун олам,
- Айланардик қўш ҳўкизу биз яна отам.
- Айланарди ҳўкизларни юргизиб гаврон,
- Вақту замон айланарди, айланди даврон.
- Болалигим, буғдойларинг қайда, ҳо, қайда?
- Юлдузлардан садо келар: “Майда, ҳо, майда…”
- Бизнинг сомон, донимизни янчиб беомон,
- Чархи даввор айланди гир, замин ҳам осмон.
- Ғам ҳўкизи тунлар менинг бағрим майдалар,
- Болалигим қайда қолди? Отам қайдалар?
- Ҳали ҳаёт полизидан узмай ҳандалак,
- Бизнинг гулдай кенжамизни не қилдинг, фалак?
- Бир дон бердинг, аммо қайтиб бунча совурдинг,
- Бир жон бериб, не ўтларга сўнгра қовурдинг?
- Юлдузлардан садо келар: “Майда, ҳо, майда… ”
- Чархи фалак, меҳрларинг қайда, ҳо, қайда?
- Не учун сен хас-хашакни танлаб ва сайлаб,
- Бошларингга кўтаргайсан муҳтарам айлаб?
- Бизлар сори бунчалар ҳам бераҳм бординг,
- Нечун бизнинг донимизни ерларга қординг?
2007ДЎМБИРАДА АЙТИЛГАН
Шоберди бахшига
- Ўтар дунё – биз меҳмон,
- Ҳар гиёҳдан тердик дон.
- Биринг тансан, биринг – жон,
- Баринг бўлгин қадрдон.
- Ўтар дунё – биз меҳмон,
- Ҳар гиёҳдан тердик дон.
- Элинг омон бўлганда,
- Юртинг ҳам бўлар қўрғон.
2006ШОИР ВА ШОФИР
(Т.А.га тезайтиш ҳазил)
- Менга шоир керак эмас –
- Шоирим ҳам ўзимман.
- Менга шофир керак эмас –
- Шофирим ҳам ўзимман.
- Шоири йўқ шофирларнинг
- Шоири ҳам мен ўзим.
- Шофири йўқ шоирларнинг
- Шофири ҳам мен ўзим.
2007ХИЗМАТ ҲУДУДИДАН ТАШҚАРИДА
- Ўтди майсалик ҳам, ўтди лолалик,
- Не хатлар умрнинг нақшларидадир?
- Йилларга сим қоқсам – олис болалик,
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Қолмиш адирларда гўзал чоғларим,
- Не ранглар далаю даштларидадир?
- Энди қўзиларим, қўзичоқларим
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Кўклам келаётир – само ҳам, ер ҳам
- Селлар, чақинларнинг машқларидадир.
- Тошқин пайтларимга қайтайин десам,
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Бир хил айланади замину замон,
- Ҳиндми ё Хитонинг Қашқаридадир.
- Менга зурур бўлган энг тиниқ армон
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Боғланолмай қолдим бойчечакларга,
- Севгимми – кўнгилнинг ғашларидадир.
- Бугун интиқ бўлсам қай чечакларга –
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Йигитлик тулпори илдамлаб чопса,
- Вақтим – шиддатлари, шаштларидадир.
- У ҳам эрта-индин қирлардан ошса –
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
- Ҳаёт янграйверсин, айласин давом,
- Гарчи севинчлари, ашкларидадир.
- Меҳру муҳаббатга бўлмасин жавоб:
- Хизмат ҳудудидан ташқаридадир.
2007МУСОФИРЛАР
- Қуёшдан маҳтобга бораётирмиз,
- Сабоҳдан саҳобга5 бораётирмиз.
- Яшамоқ аслида азоб чекмоқдир,
- Азобдан азобга бораётирмиз.
- Буюк вайронадир одамзот кўнгли,
- Биз ўшал харобга бораётирмиз.
- Баъзан умримизни кўп ҳисоб айлаб,
- Кўп ёлғон ҳисобга бораётирмиз.
- Кимлардир савобга чоғланиб чиққан,
- Кимлардир саробга бораётирмиз.
- Аслида ҳаммамиз энг улуғ Савол,
- Энг улуғ Жавобга бораётирмиз.
2007ХАВОТИР
- Қуллик ҳам қарамлик палла йўқолди,
- Оқу сариқ, қизил, малла йўқолди.
- Жаллодлар ўқ отган эди бир пайтлар,
- Саллалар йўқолган эди бир пайтлар.
- Қанча селу ёмғир, жала йўқолди,
- Саллалар келдию – калла йўқолди.
- Яъни мачитларинг босган хазонлар
- Тўзди кетди бари – қайтди азонлар,
- Жума намозларинг тўла айвонлар.
- Лекин қандай қилиб, айтгин, инсонлар,
- Шунча улуғ нурдан тола йўқолди –
- Эгри йўллар аро бола йўқолди?
- Фожиамас агар ғалла йўқолди,
- Қўю қўзи, эчки – гала йўқолди.
- Ўзбек, айланайин номингдан сенинг,
- Қурган баланд-баланд томингдан сенинг,
- Қасрингни бошингга кўтариб дод сол,
- Ахир Ҳаё деган қалъа йўқолди.
- Сенинг учун озод бўлди-ку ўлкам,
- Омадинг кўркамдир,
- Қоматинг кўркам,
- Сенга ҳавас қилиб яшайман, укам.
- Замон парвозига улгур, интил, ет,
- Сенга қанот бўлар учқур интернет.
- Фақат қалбинг аро лола йўқолди,
- Китоб деган яшил дала йўқолди.
- Тарақ-туруқлару
- Даранг-дурунглар,
- Қайга борсанг фақат пулдан гурунглар.
- Узоқ яшанглар-ў,
- Узоқ туринглар,
- Ўзбек болалари, сергак юринглар:
- Бугун энг қадимий ялла йўқолди,
- Кўнгил бешигидан алла йўқолди.
2007ЧЎПОН СЕВГИСИ
- Бир чопоннинг остида
- Учрашдик биз ёр билан.
- Не ишимиз бор энди
- Бу дунёйи тор билан.
- Уйимиз йўқ – чопонни
- Уй қилсак ҳам бўлади.
- Бир чопоннинг остида
- Тўй қилсак ҳам бўлади.
2007СОМОНЧИЛАР
- Ажабмас, эрта кун бир шоир укам,
- Шеърлар ёзиб юрса Сомон йўлида.
Абдулла Орипов
- Устозлар Сўзда ҳам хокисор қулдек,
- Тупроқдан излашган армонларини.
- Бизлар ўзимизча забт этиб бўлдик,
- Чангитиб шеърият осмонларини.
- Сомон йўлларида юрибмиз, мана
- Фалак буржларидан иржаймоқдамиз.
- Кўкда Зуҳродан ҳам сўраб кўрмана,
- Гоҳ ҳиринглаб, гоҳо тиржаймоқдамиз.
- Тўлин ой агарчи бизга чой дамлаб,
- Булутни тўшакка айлантиролдик.
- Бизлар бир ҳолатда кетдик баландлаб:
- Биз сўзни хашакка айлантиролдик.
- Тупроққа қорганлар дил хирмонини,
- Ердан олгандирлар шеърга ҳам ихлос.
- Устозлар йиққанлар Сўзнинг донини,
- Бизлар сомон ташиб юрибмиз, холос.
2007БИР ҚАВМ
- Бизлар кунни
- Бир лаҳзада тун қиламиз.
- Ҳар қандайин иш бўлса –
- Хуржун қиламиз.
- Ҳар қандайин одамни
- Маймун қиламиз,
- Ўзимизни фақат биз
- Мамнун қиламиз.
- Ҳасад билан
- Тутинганмиз ака-ука,
- Фисқу фасод,
- Риёни уйғун қиламиз.
- Қўйларингиз кўпайса гар –
- Гўшт бўлади,
- Терисин ҳам шилиб
- Яна жун қиламиз.
- Тоғ сингари
- Ҳар қандайин кўнгилни ҳам,
- Сиқиб, эзиб
- Сувини Жайҳун қиламиз.
- Буғдойларин туйиб, янчиб
- Ун қиламиз,
- Ўз ҳолига
- Ўзини тутқун қиламиз.
- Худо бизга берса бўлди
- Бир зўр шоир –
- Бутун умр
- Юрак-бағрин хун қиламиз,
- Сўнгра унинг ўзини ҳам
- Гум қиламиз.
2007ТУҒИЛИШ
- Менинг шоир бўлишимни,
- Киндик қоним тўкилган пайт –
- Ер бағрига, ер қаърига,
- Боболарим суягига
- Пичирлаган минорларим.
- Менинг шоир бўлишимни,
- Қулоғимга илк бор азон ўқилган пайт –
- Осмонларнинг чироғига,
- Юлдузларнинг қулоғига
- Шивирлаган чинорларим.
2007ТЕГИРМОНЧИ
- Тегирмончи, қора чопон тегирмончи,
- Элнинг халта, қопларига
- ўзинг чўпон, тегирмончи.
- Тегирмонинг новларидан
- сув оқади, сел оқади,
- Эртаю кеч сенга томон эл оқади, эл оқади.
- Одамларнинг юмушига ҳозир бобо, тегирмончи,
- Ҳалол ризқдан доим топган ҳузур бобо,
- тегирмончи.
- Сенинг қора чопонларинг оппоқ унга беланади,
- Тегирмоннинг ичидаги Хизр бобо, тегирмончи.
- Айланади тегирмонинг,
- Тегирмон тоши айланар.
- Фалак ҳам бир тегирмондир,
- Ою қуёши айланар.
- Одамзот ҳам дондир дейсан,
- Арпамидир, буғдоймидир –
- Чархнинг тегирмони аро
- Кексаю ёши айланар.
- Кўкда қора булут кезса,
- Дашту қирга жон бўлади.
- Кўкда оппоқ булут кезса,
- Буғдой пишиб, нон бўлади.
- Мени дастиёр этганди, тегирмончи,
- Отам буғдойга кетганди, тегирмончи.
- Кута-кута соғинчларим ойга етди,
- Болалигим сойга кетди.
- Кейин у сойдан келмади,
- Отам буғдойдан келмади, тегирмончи.
- Шамолларда бошоқлари ер ўпиб эгилади,
- Саҳарлари буғдойзордан отам ҳиди келади.
- Самодаги сомонлар ҳам
- обдон янчиб туйилгандай,
- Сомон йўли – кўп ун сепиб қўйилгандай.
- Ўтди-кетди асрми ё фаслмиди – Йигирманчи,
- Тегирмончи қайга кетди, тегирмончи?
- Қалдиратиб, гулдиратиб кенг осмонни,
- Бир кечаси қалдироқлар
- олиб кетди тегирмонни,
- Юрагимдан юлиб кетди тегирмонни.
- Йиллар ўтди. Селлар ўтди.
- Кимлар унут, тегирмончи.
- Осмонларга қарайман гоҳ:
- Кезиб юрар оппоқ булут – тегирмончи.
2007«Биз – озгина боламизу…»
- Биз – озгина боламизу…
- Биз – озига лоламиз.
- Биров бола, яна биров
- Лола бўлиб қоламиз.
- Бир кун келар – сарғаяди,
- Қовжирайди лоламиз.
- Болалик ҳам кетар. Қолар
- Кўксимизда ноламиз.
2007«Даланг сенинг болангдир…»
- Даланг сенинг болангдир,
- Боланг сенинг далангдир.
- Ўзбекнинг даласи денг
- Ўзбекнинг боласини.
- Ўзбекнинг боласи денг
- Ўзбекнинг даласини.
- Кимлар калла ўстирар,
- Кимлар салла ўстирар.
- Ўзбек бола ўстирар,
- Боғу дала ўстирар.
- Мисли қалъа ўстирар
- Қалбининг қалъасини.
- Мен ҳам шу ер – палакдан
- Ранг олган ҳандалакман.
- Гоҳ тупроқ, гоҳ фалакман,
- Ўхшатолмай ҳалакман
- Ўзбекнинг боласига,
- Дашти ҳам даласига
- Шеъримнинг даласини.
2007БИР БУЛБУЛНИНГ АТРОФИДА
- Қайда бир булбул бўлса гар,
- Билгилки майна бўлади.
- У майнанинг ёнида ҳам
- Бир-икки майна бўлади.
- Яна кўп қарға бўлади,
- Бир қарға дарға бўлади.
- Қаердаким кўп қарғаю
- Яна кўп майна бўлади –
- Бир булбулнинг атрофида
- Кўп чайна-чайна бўлади.
2007МУТОЛАА
Талабаларга
- Сен ўқийсан жиддий, берилиб,
- Нурланади, порлайди зеҳнинг.
- Сен албатта одам бўласан,
- Келажагинг порлоқдир сенинг.
- Сени кутар энг ёруғ йиллар,
- Тиззангдаги яхши китобдир.
- Сени кўриб нега тўхтадим?
- Менинг умрим энди шитобдир.
- Ҳаётимда исмлар, дардлар,
- Ҳижронларга шерик тунларим.
- Ўқилмаган, сара, энг яхши
- Китоблардир сенинг кунларинг.
- Довонларинг нурдан ярқирар,
- Осмонларинг бунчалар мовий.
- Юрагингга уммон бўлиб ҳам
- Осмон бўлиб кирар Навоий.
- “Бобурнома” узра кечалар
- Юракларинг шердай тўлғонар.
- Бобур бўлиб, шоҳ шоир бўлиб
- Ўсмир қалбинг қайта уйғонар.
- Китоб сенга бир умрлик ёр,
- Аро йўлда ташлаб кетмагай.
- Кетар қанча боболаринг, лек
- Бобораҳим Машраб кетмагай.
- Усмон Носир қисматин ўқиб,
- Армонларин чорлашларинг бор.
- Чўлпон билан тонглар кўксида
- Чўлпон бўлиб порлашларинг бор.
- Менинг “Ўткан кунларим” ўтган,
- Жумлалардай жимдир хотирим.
- Идрокингнинг дарсхонасига
- Қуёш бўлиб кирар Қодирий.
- “Аввал ўқи!” Бу – Ғафур Ғулом,
- Билим балқир боқишларидан.
- Шеърлар кирар қалбингга энди
- Тўполондарё тошқинларидай.
- Эзгуликнинг йўллари оғир,
- Боғларига найсон бўлгайсан.
- Китоб ўқиб – ҳақиқий фарзанд,
- Китоб ўқиб инсон бўлгайсан.
- Ҳаёт ўзи мушкул китобдир,
- Ҳаёт ўзи бергайдир таълим.
- Ҳушёр бўл деб, билимдон бўл деб,
- Боқиб турар Ойбек муаллим.
- Бу дўст сени сотмас ҳеч қачон,
- Ёнингдадир шом ва ё наҳор.
- Бутун умр бошингда турар
- Оқ булутдай Абдулла Қаҳҳор.
- Улуғликка чорлагай доим
- Улуғларнинг абадий ёди.
- Юксалтиргай сени ҳам бир кун
- Улуғ Ватан Адабиёти.
1983, 2007БАҲОР ҚЎНҒИРОҚЛАРИ
- Баҳор жилғаларни қўзичоқ қилар,
- Дарахтларни бир кечада қўғирчоқ қилар.
- Бойчечаклар бойчечакларга
- Адирлардан адирларга қўнғироқ қилар.
- Бир пайтлар мен шу қирларда кезар эдим,
- Йўқолган қўзичоғимни излар эдим.
- Баҳор дарахтларни қўғирчоқ қилар,
- Бир кечада юрагимни қўзичоқ қилар.
- Бойчечаклар қўнғироқ қилар,
- Бинафшалар, қўзигуллар қўнғироқ қилар.
- Мен яшадим баҳор кутиб
- Сатрлардан сатрларга,
- Тақдирлардан тақдирларга.
- Менга бир қўнғироқ етади,
- Қўзичоғим йўлга чиқар –
- Тақдирлардан тақдирларга,
- Адирлардан адирларга
- Мени излаб кетади.
2007ДАВОМИЙЛИК
- Ғаламисдан ғаламис туғилади,
- Каламушдан каламуш туғилади.
- “Ахмоқдан – чақмоқ…” деган гап гумондир,
- Ахмоқроғи туғилмоғи аёндир.
- Бирор замон бундоқ ишни кўрганми –
- Бирон қарға булбул туғиб берганми?
- Гарчи бир хил дум билан ёллари бор,
- Эшак билан хачирдан чиқмас тулпор.
- Келтиргайлар қанча ранжу азоблар
- Каззоблардан туғилган бу каззоблар.
- Жилғалардан дарёлар бўлур пайдо,
- Кир диллардан дарё чиқмагай аммо.
- Муттаҳамлар баъзан бўлар муҳтарам,
- Муҳтарамдир гарчи, асли – муттаҳам.
- Уммонларнинг давомидир уммонлар,
- Ўрмонлардан яралгайдир ўрмонлар.
- Карвонлардан карвонлар туғилади,
- Сорбонлардан давронлар туғилади.
- Оллоҳ ўзи асрасин номардлардан,
- Мардлар қолар бу дунёда мардлардан.
- Ор-номуси, ғурурлари қолмишлар,
- Алпомишдан туғилгай Алпомишлар.
2007ШОҲТУТ
- Ойбиби момомнинг яшил шоҳтути,
- Яхшию ёмонга – бир, дилхоҳ тути.
- Невараларига мевасин берган,
- Соясини берган – оромгоҳ тути.
- Момом шоҳтутига нигоҳбон эди,
- Шоҳтут ҳам момомдай меҳрибон эди.
- Унинг шохларида катта бўлдик биз,
- Шохлардан нарёғи кўк осмон эди.
- Тому боғчалари қирмиз, болалик,
- Қўл-бет, ёқалари қизил, лолалик,
- Биз ҳам шу шоҳтутнинг меваларидай
- Ранг олиб улғайдик теварагида.
- Бари бир кечада бўлди-ку тамом,
- Бизни ташлаб кетди Ойбиби момом.
- Кўрдик бу дунёнинг бўшаганини,
- Шоҳтутнинг бир тунда букчайганини.
- Кейин ариқларга сув келмай қўйди,
- Буни биров билиб ё билмай қўйди.
- Кейин шаҳарларга биз тарқаб кетдик,
- Шоҳтут эмас, гўё биз қақраб кетдик.
- Ою йиллар нима – тушдайгинадир,
- Бошларингдан учар қушдайгинадир.
- Энди келиб кўрсак – у азим шоҳтут
- Бужмайган, кичрайган – муштдайгинадир.
- Дарахт ҳам тирикдир одамзот билан,
- Яшар, видолашар сўнг ҳаёт билан.
- Мисли бир хотирот унут дунёдан –
- Ўтиб бормоқдадир шоҳтут дунёдан.
- Ойбиби момомнинг бетоб шоҳтути,
- Бўлмиш гадойдан ҳам хароб, шоҳтути.
- Момомдан бизларга ёдгорлик эмас,
- Бу дунёда қолган оҳу воҳ тути.
2007НИГИНА ВА АФСОНА
- Балки олти ёшдир, балки етти ёш,
- Бир-бирини кўрса – кўзларида ёш.
- Ўтар олти ойми, ёки етти ой,
- Бир-бирин қўйишга тополмагай жой.
- Бири учиб юрар мисли капалак,
- Бири – шириндан ҳам ширин ҳандалак.
- Ширмой кулчадайин икки қизалоқ,
- Икки бойчечакдир, икки қизғалдоқ.
- Бири Истанбулдан келар соғиниб,
- Буниси Тошкентда кутар орзиқиб.
- Оллоҳ кўнгилларга сеҳр бермишдир,
- Шу мурғак жонларга меҳр бермишдир.
- Тириклик боғининг мўъжизалари,
- Янгроқ қўнғироғи, куй, жилғалари.
- Ҳаёт китобидан гўзал фасона,
- Бири Нигинадир, бири – Афсона.
- Булар сўйлашсалар – ғунча кулгандай,
- Худди фаришталар суҳбат қилгандай.
- Дунё ишларининг бари – бир тараф,
- Буларнинг соғинчли бағри – бир тараф.
- Бир-бирини қўмсаб, интилиб яшар,
- Шулардан ўргансин дўстликни башар.
2007МУТАРЖИМ
Н.Комиловга
- Ҳижрон бўлди менинг ошу ғизом, ака,
- Дил биландир доим баҳсу низом, ака.
- Мен қалб десам – қирқ чайқалиб, қирқ қалқдингиз,
- Ўз қалбидан ризою норизом, ака.
- Ою йиллар доим шундоқ айқаш-уйқаш,
- Бу дунёда ўзи йўқ интизом, ака.
- Не бўлса ҳам юз ёшгача соғ бўлгайсиз,
- Кўнгилларнинг таржимони, Низом ака.
2007«Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз…»
- Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз,
- Шунча йиллар тўккан кўзёшларингиз,
- Еру осмон селу ёмғир, дўл бўларди.
- Бир воҳани кўмарди сув,
- Бир воҳани ғарқ этгувчи кўл бўларди.
- Ажинларингизни ўйласам агар,
- Бир-бирига улаб, бойласам агар –
- Сурхондан то Тошкентгача,
- Тошкентдан то Сурхонга қадар
- Соғинч тўла, армон тўла йўл бўларди.
2007«Маҳмуд деган ошиқ келар…»
Маҳмуд Тоирга
- Маҳмуд деган ошиқ келар,
- Изларидан қўшиқ келар.
- Лекин баъзи шоирларнинг
- Ортидан ош, қошиқ келар.
- Маҳмуд деган ошиқ келар,
- Изларидан қўшиқ келар.
- Қўшиқлари қалбингизнинг
- Боласига бешик бўлар.
2006САҲАР ТУРИБ…
- Саҳар туриб, кўкка қараб керишдим мен,
- Ювиндим, сўнг ўзим билан кўришдим мен.
- Ўз олдимга ўтирғизиб мен ўзимни,
- Сўроқ қилдим, ўзим билан суришдим мен.
- Ўзим билан – бекор кетган саҳарларим,
- Бекор ўтган умрим учун уришдим мен.
- Ўзим билан шундай тонгги урушларда
- Ростин айтсам, бир ҳикматга эришдим мен.
- Сиз ҳам агар саҳар туриб керишасиз,
- Шак-шубҳасиз бир нимага эришасиз.
2007МАКТАБГА БОРАМАН
- Мен мактабга бораман,
- Қолар энди эртаклар.
- Отам етаклар мени,
- Қуёш мени етаклар.
- Мен мактабга бораман,
- Ойналарда ўйнар нур.
- Қўзичоғим, хайр энди,
- Энди ўзинг ўйнаб юр.
- Учиб чиқайин дейди
- Жилдимдаги дафтарлар.
- Мактаб ҳовлиси тўла
- Биринчи синф каптарлар.
- Қувнаб қадам босгайман,
- Кўнгилларим жўш уриб.
- Шу оппоқ каптарларга
- Кетгум мен ҳам қўшилиб.
- Димоғимда бор ҳали
- Ўт-ўлан, гиёҳ иси.
- Қўшилгай бу исларга
- Оқ дафтар, сиёҳ иси.
- Ҳаммамиз битта боғнинг
- Ниҳоллари, баргидай.
- Оқ, ёруғ синфхоналар
- Онамизнинг бағридай.
- Биринчи синф каптарлар,
- Жимирлайди жон ва тан.
- Чарх урар бизлар билан
- Кабутардай оқ Ватан.
2007МУЛТФИЛМ
(Болаларга)
- Бургани бурга еди,
- Куркани курка еди.
- Бўрини ғажир бўри,
- Ўлжани еди зўри.
- Чўққилар биқинида,
- Бургутларнинг инида –
- Жўжа чўқир ўзининг
- Укасининг кўзини.
- Қувлаб юрар гиначи
- Ниначини ниначи.
- Кўринг-да бу қилиқни:
- Балиқ еди балиқни.
- Қуённи қувлар қуён,
- Тулки қочмоқда қаён?
- Қочиб юрар ҳўкизлар,
- Изларидан – тўнғизлар.
- Кенгуруни кенгуру
- Сакраб-сакраб, кенг юриб,
- Тармашади кетига,
- Чанг солар сўнг бетига.
- Маймунни миниб маймун
- Тимдалар уни мамнун.
- Қоплон босиб панжасин
- Еб қўйди қоплончасин.
- Илонлару чаёнлар
- Судралмоқда қаёнлар?
- Буларнинг ҳаммасини,
- Каклигу саъвасини –
- Келиб қолар-да беғам,
- Еб қўяр битта одам.
- Бу ёғи қизиқ бўлди,
- Бир катта чизиқ бўлди.
- Сиз булардан фарқ қилинг,
- Даврасини тарк қилинг.
- Китоб ўқинг болалар,
- Китоб ўқинг болалар.
- Бу шеърни айтди дилим,
- Дунёда энг зўр – билим.
- Ана сизга мултфилм,
- Мана сизга мултфилм.
2007«Тушмиш қайси дарахтлардан, болалар…»
- Тушмиш қайси дарахтлардан, болалар,
- Қуёш каби чарақлаган болалар?
- Ёрқин, порлоқ юлдузларнинг остида
- Толелари ярақлаган болалар.
- Юраклари бойчечакни ўпмаган,
- Чўнтаклари жарақлаган болалар.
- Навоийни бир варақлаб кўрмаган,
- Пулни яхши варақлаган болалар.
2007МИР ТЕМУРИЙ ҚОВУНЛАР
“Сайҳун суйининг шимоли тарафидаги қасабалар: бир Ахсидур. Китобларда Ахсикат битирлар… Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди. Сайҳун дарёси қўрғонининг остидин оқар… Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундирким “Мир Темурий” дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай”.
(Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”, саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари).
- Мен бахтимдан мудом юрдим илгари,
- Ўтди яна рамазону ийдлари.
- Димоғимдан ҳаргиз кетмади нари
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.
- Ўз бобомдан ёдгор қолган зироат,
- Англармиди буни Ҳирот, ҳиндлари.
- Бу не соғинч эрур, не сир-синоат –
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари?
- Ғурбат отим жиловини қўйвормай,
- Байрам қилди дарду ҳасрат итлари.
- Эсиб турди қай ергаким мен бормай,
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.
- Аччиқ чоғир берди менга давроним,
- Коса тутди доим ҳижрон риндлари.
- Бу дунёда энди ёлғиз армоним –
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.
- Паст кетса чарх, кўрсатса-да минг ўйин,
- Баланд бўлган султонларнинг дидлари.
- Тарк этмасин сени, ўғлим Ҳумоюн,
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.
- Салтанат ҳам тутаб битди оҳимдан,
- Дуо айланг беклари, сайидлари.
- То қиёмат анқир энди хокимдан
- Мир Темурий қовунларнинг ҳидлари.
2007ИЛК ОҒРИҚ
- Болаликдан ёронлар,
- Ҳар ишга моҳир бўлдим.
- Булутларга чўпону
- Шамолга шофир бўлдим.
- Осмонларни хушладим,
- Чақмоқларни ушладим
- Ва тоғларга улашдим,
- Бир кенжа ботир бўлдим.
- Гулдираклар гулдираб,
- Дилга кирди ғўлдираб,
- Кўкрагимни тўлдириб,
- Гоҳ дарё, гоҳ қир бўлдим.
- Қайга қадам қўйдим сўнг?
- Бир лолани суйдим сўнг.
- Майса янглиғ куйдим сўнг,
- Ё сеҳр ё сир бўлдим.
- Менга болиш – тоғ, саҳро,
- Хаёлимда – гул Узро.
- У – ердаги бир Зуҳро,
- Мен эса Тоҳир бўлдим.
- Ойлар тўлиб айланди,
- Тақдирларим бойланди.
- Дўстим унга уйланди,
- Мен озроқ оғир бўлдим.
- Севгим чала қолди-да.
- Ўзим ўсган ҳовлида,
- Ўз кўнглимнинг олдида
- Дўстлар, мусофир бўлдим.
- Бургутларни “сен” дердим,
- Чўққиларга тенг эдим,
- Самолардай кенг эдим,
- Тупроқ билан бир бўлдим.
- Билмадим бу савдода
- Олдми ё охир бўлдим.
- Дўстим хотинли бўлди,
- Мен – катта шоир бўлдим.
2007КЕЛИШМАДИК
- Биз ҳам бошқа ошиқлардан
- Қолишмадик, санам.
- Дилдан суйиб, дилдан куйиб,
- Кулишмадик, санам.
- Менинг бир кўнглиму сенинг
- Бир холинг бор эди.
- Бир севгини бизлар нега
- Бўлишмадик, санам?
- Муҳаббат – бир қошу кўздир,
- Киприклари – нам.
- Бизлар нечун бир қошу кўз
- Келишмадик, санам?
- Ою қуёш энди биздан
- Йироқлардадир.
- Олис тушган икки ёлғиз
- Болишмидик, санам?
- Сўлди умид айвонида
- Райҳонларимиз.
- Бизлар нечун райҳонлардай
- Сўлишмадик, санам?
- Осмонимиз ерда эди,
- Еримиз – осмон,
- Нечун ерни биз осмонга
- Алишмадик, санам?
- Алишмадик, тўғри қилдик,
- Гулни – кўнгилга.
- Алишмадик, ахир бизлар
- Калишмидик, санам?
2007«Ярқираган тоғларимни…»
- Ярқираган тоғларимни
- Оқ туманлар қуршаб кетди.
- Кўкка қараб чопган йўллар
- Энди бари нишаб кетди.
- Дарахтларим ҳоригандай,
- Бир-бирини ушлаб кетди.
- Дил боғига кирди кузак,
- Кеча хазон тўшаб кетди.
- Кўзларимнинг атрофлари
- Ариқларга ўхшаб кетди.
- Бош гоҳида таътил сўрар,
- Соч ҳам ишдан бўшаб кетди.
2007УКАДЎСТ
А.Э.
- Бу дунё нимадир –
- Бир амри маъруф.
- Укамнинг уйлари –
- Келсам эшик қулф.
- Нурмуҳаммад қани, эй Абдурауф?
- Нурмуҳаммад қани, эй Эшимқулов?
- Тақдир дурадгори чекмас таассуф,
- Бир толдан ҳам тобут,
- Ҳам бешик қилиб.
- Гулдай укам сўлди, эй Абдурауф,
- Ўзинг укам бўлдинг, эй Эшимқулов.
- Муҳаммаджон қани,
- Муҳаммад Юсуф?
- Қай дилга бош урсам –
- Унда эшик қулф.
- Энди дўстим ҳам йўқ, эй Абдурауф,
- Энди дўст ҳам ўзинг, эй Эшимқулов.
- Икки Муҳаммадим –
- Икки тоза руҳ,
- Бурчин бажаргайсан ўз ишинг қолиб.
- Сенга қийинмасми, эй Абдурауф?
- Сенга оғирмасми, эй Эшимқулов?
2007КОБУЛДА БАҲОР
“Сабзаю гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор…”
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
- На елда қарору на селда қарор,
- На булбулда ором, на гулда қарор,
- Эй дил, қачон топдинг ой-йилда қарор?
- На дилда қарору на элда қарор –
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
- Найсон, суйинг билан ювиб суй мени,
- Майса, кипригингга суяб қўй мени.
- Ўзинг тирилтиргин, ўзинг сўй мени,
- Мен каби дунёда борми интизор?
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
- Фалак, мадрасангда дарс қилолмадим,
- Қиличларинг кесди, арз қилолмадим.
- Мен шу қиличларга бас келолмадим,
- Қайда йигитлигу завқу ихтиёр?
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
- Қолдим кўклам аро хор, сарғариброқ,
- Ҳар зору ғарибдан мен зор, ғариброқ.
- У қирғоқ йироқдир, бу қирғоқ – фироқ,
- Сиз қайда қолдингиз, эй ёру диёр?
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
- Кобулда баҳору ғамим ортади,
- Ҳасрат умрим аро черик тортади.
- Мусофир савдолар мени ўртади,
- Бу гулшан ичра мен бир тирик мозор,
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
- Лоланинг жомига тегиб синди жом,
- Кўксимдан лолага бориб инди жон.
- Гўёки жон эмас – томди Андижон,
- Шунчалар кўпми шоҳ Бобурга озор?
- Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.
2007СИЗЛАР ВА БИЗЛАР
- Сизларда таомни ҳурмат қилишмас,
- Чўнқайиб, тик туриб ё юриб ейди.
- Бизда лўлаболишларга ёнбошлаб олиб
- Ёки кўрпачада ўтириб ейди.
- Сизларда олма ё нок тилимига
- Санчқими ва ёки чўп уриб ейди.
- Бизларда бир қовун сўйилса – байрам,
- Одамлар осмонга тўп уриб ейди.
- Сизларда қўйишмас ҳашаротларни,
- Чигирткаларни ҳам супуриб ейди.
- Пати билан пиширилган бир ғозни бўлиб,
- Юз киши олқишлаб, кўпириб ейди.
- Оддий гуручни-ку минг кўйга солиб,
- Гоҳи буғдойни ҳам совуриб ейди.
- Сизларда овқатга гул қўшиб берар,
- Бизда булбулларни қовуриб ейди.
2007САЙР
Матназар Абдулҳакимга
- Хоразмни сайр этдим
- Огаҳий бобо билан.
- Кўҳна мозий ичра кетдим
- Огаҳий бобо билан.
- Ҳам ичондим, ҳам дишондин
- оҳанг эркан Хоразм,
- Мен унинг фаҳмига етдим
- Огаҳий бобо билан.
2007«Менинг тўртликларим…»
- Менинг тўртликларим –
- Менинг шўрликларим.
- Гоҳи мўртликларим,
- Гоҳи ғўрликларим.
- Пасту баландларим,
- Сўқмоқ, кенгликларим,
- Гоҳи қирликларим,
- Гоҳи ўрликларим.
- Сиз ғамгин умримнинг саналарисиз,
- Юрагимнинг синиқ ойналарисиз.
- Аламларим янглиғ турлик-турликларим,
- Бир шеър ҳижронида тортган хўрликларим,
- Менинг тўртликларим.
- Сиз – қалб осмонининг маҳзун шомлари,
- Қурмаган уйимнинг мунглуғ ромлари.
- Гоҳи рост сўзларим,
- Гоҳи ўтрикларим,
- Кўнгил кўчасида қилган кўрликларим,
- Зорлик, хорликларим –
- Менинг тўртликларим.
- Сиз менинг бардошим,
- Менинг сабрларим,
- Бу дилсиз дунёда дилдан хабарларим,
- Ўтган ёшликларим,
- Кетган шўхликларим,
- Гоҳи сўникларим,
- Гоҳи нурликларим –
- Менинг тўртликларим.
- Сарғайган баргдайсиз,
- Баргда – шабнамдай,
- Кексайган дарахтим – ёлғиз онамдай.
- Сўзга тутқун бўлиб топган ҳурликларим,
- Фироқ куйларига умрий жўрликларим –
- Менинг тўртликларим,
- Менинг тўртликларим.
2007МАҚОЛ
- Бозорга борганлар охир қайтишган,
- Умр – ипи тўзғиб кетгувчи ғалтак.
- Боболар ҳар сўзни билиб айтишган:
- Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
- Кўза синдирганлар, сув келтирганлар
- Ҳамма замонларда яшаган бешак.
- Боболар сўз айтиб, жим ўлтирганлар,
- Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
- Емирилиб кетди қанча бинолар,
- Нодонлар ўриклар ейишди қантак.
- Сўйлаб қолаверди не-не донолар:
- Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
- Олам равнақидан кўзлар қамашди,
- Инсон ҳам ўзгариб бормоқда андак.
- Энди бу зотлар ҳам ўрин алмашди:
- Нодонга – ишорат, оқилга – калтак.
2007МАЙЛИ
- Энди нима деймиз? Ўзинг қол, майли,
- Агарчи нондан ҳам Сўз ҳалол, майли.
- Сендан баланд бўлса, юксакроқ бўлса,
- Симёғочни кесиб, ўтга сол, майли.
- Қирққил теракларнинг учларини ҳам,
- Қурит томирлари – кучларини ҳам.
- Баланд осмонларнинг қушларини ҳам
- Айлагил пойингда поймол, майли.
- Телеминорага ўрнат уйингни,
- Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,
- Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,
- Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.
- Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,
- Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.
- Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингдан
- Оқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.
- Лутфий боболардан ёд Адабиёт,
- Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.
- Мангуликка қадар дод Адабиёт,
- Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.
- Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,
- Ўтдилар Сўз узра музтариб, ғариб.
- Бориб Навоийни тахтдан ағдариб,
- Унинг ўрнига ҳам чиқиб ол, майли.
2007«Бу орзулар юлдузларга…»
- Бу орзулар юлдузларга,
- осмонларга айланар,
- Шабнамдай сўнг Ерга тушиб,
- райҳонларга айланар.
- Эшик бўлар, ром бўлар ҳам
- кўркам-кўркам сандиқлар,
- Бу чинорлар гўзал китоб
- жавонларга айланар.
- Ҳеч қайда йўқ бундайин оқ
- баданлару қоматлар,
- Бу тераклар устун бўлиб,
- айвонларга айланар.
- Жилғалардай бу қизчалар
- қувнаб ўсгай сиз билан,
- Кейин бир кун тутқич бермас
- жайронларга айланар.
- Бу болалар азоб чекиб,
- зўр шоирлар бўлурлар,
- Шоир бўлиб, кейин ҳар хил
- ҳайвонларга айланар.
2007ҚАРЗ
Яратгандан олар жонлар қарзим бор.
(Халқ мулки)
- Устоз чинорлардан қанча дарс олдим,
- Улар токи борлар –
- Мен ҳам ўлмайман.
- Ёзувчилар боғидан кўп қарз бўлдим,
- Сиз хижолат бўлманг,
- Ўзим тўлайман.
- Кўклам чоғларида оқ тунлар аро,
- Оппоқ ўрик янглиғ ичдан гуллайман.
- Мен ўз тоғларимдан қарзман бир дарё,
- Сиз хижолат бўлманг,
- Ўзим тўлайман.
- Ҳануз ёд айласам – бағрим бўлар хун,
- Ҳинд ё Кобул десам – жунжикар бадан.
- Эй, сен дунёйи дун,
- Эй, сен даҳри дун,
- Ҳазрати Бобурдан қарзсан бир Ватан.
- Сен ҳам барчамизга юз йиллик дарссан,
- Шу миллат ҳурмати,
- Сўзнинг хотири,
- ХХ аср, сен биздан қарзсан
- Бир Чўлпон, бир Фитрат ва бир Қодирий.
- Ҳар бир яхшиликни дилдан қўллайман,
- Осмон, варақларинг бунчалар мовий.
- Шоирлик қарзимни ўзим тўлайман,
- Пушкин тўламайди ва ё Навоий.
2007, 2010ДИЛ ФАРРОШЛАРИ
- Сиз яшайсиз – ҳар кун тўю байрамлар,
- Тилим сўзда, қўлим созда бўлсин деб.
- Биз ишлаймиз – бу Ватан, бу одамлар,
- Бу кўнгиллар озроқ тоза бўлсин деб.
2007КАПАЛАК
- “Мен-ку шошар эдим, сен
- Қайга шошдинг жонҳалак?..”
- Мошинамга урилиб
- Жон берди бир капалак.
- Ҳеч нарса ўзгармади
- Замин сайёрасида.
- Жонсиз қанотчалари –
- Мошинам ойнасида.
- Капалакни ўлдирдим,
- Довоним “Чак-чак” бўлди.
- Мошин зиён кўрмади,
- Юрагим пачақ бўлди.
2008 й. 25.03.“Чак-чак” довони“САРОЙ ШОИРИ.” ИЗОҲ
- Мен саройнинг шоириман,
- Тоғу сойнинг шоириман.
- Шу юртдаги ҳар бир шоҳу
- Ҳар гадойнинг шоириман.
- Оллоҳ дилимга солмиш сўз,
- Сўз ёнида – минг бир юлдуз.
- Сўндиргум деб уринманг сиз,
- Мен Худойнинг шоириман.
- Буғдойимни фалак эккан,
- Хокисор эл заҳмат чеккан.
- Фақир деманг, Кўнгил деган
- Катта бойнинг шоириман.
- Хазон тўлиб оқар ариқ,
- Соғинчларим яшил, сариқ.
- Онамнинг ранглари янглиғ
- Сариқ чойнинг шоириман.
- Олам бори юкин ортган,
- Оҳи осмонларни йиртган,
- Заҳириддин Бобур тортган
- Камон-ёйнинг шоириман.
- Ҳазрат Навоийлар меъмор
- Боғ-саройнинг шоириман.
- Темур боболардан ёдгор
- Оқсаройнинг шоириман.
2008БОБОЖОНИМНИНГ ВАТАНИ
- Бобожонимнинг Ватани,
- Отажонимнинг Ватани,
- Болажонимнинг Ватани,
- Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
- Болталар кесмаган муртим-ей.
- Онажонимсан сен ўзинг,
- Қошу кўзимсан, юртим-ей.
- Ой десам, ойларинг синглимдай,
- Кун десам, кунларинг кўнглимдай.
- Номингни айтсам – олам аро
- Тоғ топилмагай кўксимдай.
- Бургутлар мисоли учдим-ей,
- Осмонларингни қучдим-ей.
- Тупроғингга топиндим мен,
- Шундадир етти пуштим-ей.
- Нур олган сендан Ер юзи,
- Оқшомларингдир қирмизий.
- Ер юзига ҳикмат эккан
- Бухорий бобо, Термизий.
- Дилдаги меҳр ила шафқатим,
- Қуёшли қўрғоним, давлатим.
- Сўнмаган ғурурим сен ўзинг,
- Сен ўзинг шон ила шавкатим.
- Бобожонимнинг юрти-ей,
- Отажонимнинг юрти-ей,
- Болажонимнинг юрти-ей,
- Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
- Болталар кесмаган муртим-ей.
- Онажонимсан сен ўзинг,
- Қошу кўзимсан, юртим-ей.
2008ТОЛИБ ЙЎЛДОШ ҲАНГОМАСИ
Бу ҳангомани “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрган кезларимизда Толиб аканинг ўзи айтиб берган. Оллоҳ раҳмат қилсин ва рози бўлсин.
- Кўп шоирлар бугун эски,
- Кўп гаплар ҳам кечаги.
- Ном чиқармиш бир замонлар
- Толиб Йўлдош эшаги.
- Одам зоти риёзату
- Заҳмат учун яралган.
- Эшаклар ҳам аслида иш,
- Меҳнат учун яралган.
- Бу дунёда рўзғор отлиғ
- Ароба ҳам бор гапдир.
- Бут бўлмаса – кўнгил деган
- Хароба ҳам бор гапдир.
- Турмуш бўлгач – рўй бергайдир
- Ҳар хил иш, ҳар жиҳатлик.
- Одамзотга энг аввало
- Тинчлик керак, сиҳатлик.
- Ҳар кимсага турли қисмат,
- Турлидир чархи даврон.
- Замон у пайт оғир эди,
- Қийин эди у замон.
- Тирикчилик одамларга
- Бор юкини ортарди.
- Шоиримиз эшак билан
- Аравасин тортарди.
- Беш лаҳзалик бу дунёда
- Инсон кўзу олам қош.
- Бир ажойиб эшак эди
- Ювошу ҳам қаламқош.
- Бор эди бу жонвор учун
- Икки эҳтиром пайти:
- Ем ер эди – туш чоғию,
- Иш тугагач – шом пайти.
- Ҳаёт бўлгач, ҳар каллада
- Минг хил ташвиш, ўй бордир.
- Одамзотга ҳовли-жою
- Маҳалла ҳам кўй бордир.
- Ортда қолиб кетмайлик деб
- Кўпчил тортган карвондан.
- Чиқиб кетар эди иков
- Ҳар кун саҳар мардондан.
- Инсон фикру ёди мисли
- Чувалашган калава.
- Рўзғорини ўйлар шоир,
- Ғичирлайди арава.
- Ҳар ташвишнинг совуғию
- Бўлгай иссиқ-илиғи.
- Бу жафокаш эшакнинг ҳам
- Бор эди бир қилиғи.
- Ошиқарди балки яйраб,
- Ўйлаб ем ва хашакни.
- Бир ғаройиб орзиқишлар
- Чулғар эди эшакни.
- Яъни пешин, қайтар вақти,
- Ҳар кун такрор ва такрор,
- Маҳаллага бурилган чоғ
- Ҳанграр эди жонивор.
- Бу садога муштоқ эди
- Косиблару хаттотлар.
- Атрофдаги меҳнаткаш эл,
- Фабрикаю заводлар.
- Боис эди бу ҳол доим
- Умум вақтихушликка.
- Вақт бўлди деб, барча мамнун
- Чиқар эди тушликка.
- Оқшом чоғ ҳам муюлишдан
- Ҳанграб бурилгач эшак,
- Иш кунининг тугашидан
- Дарак берарди бешак.
- Қадамлари оҳанг қўшиб
- Тирикликнинг куйига.
- Барча хушҳол кетар эди
- Тарқалиб уй-уйига.
- Кўп шоирлар бугун эски,
- Кўп гаплар ҳам кечаги.
- Ўз вақтида ҳанграр эди
- Толиб Йўлдош эшаги.
- Умр – ташвиш, ғалвалардан
- Чувалашган калава.
- Шоир ўй суриб боради,
- Ғичирлайди арава.
- Инсон гарчи олам гули,
- Бу ҳаётнинг нақшидир.
- Аммо мингта нокасдан гоҳ
- Битта эшак яхшидир.
- Жом айлабон қалбларини,
- Дил қонини – чоғирлар,
- Ўз вақтида кулсинлар ҳам
- Йиғласинлар шоирлар.
- Ўз вақтида ўтиб кетди
- Қанча зотлар раҳматли.
- Тугамайди лекин асло
- Шеъру қалам заҳмати.
- Сўз мулкида кимлар кулба,
- Кимлар қурмиш қасрлар.
- Адабиёт араваси
- Ғичирлар минг асрлар.
- Бунда баъзан тонглар шомдир,
- Бунда баъзан шомлар – тонг.
- Халқ бўлгай эл, шоирлари
- Ўз вақтида урса бонг.
- Эл кўнгли-чи, гоҳи баҳор,
- Гоҳида қиш бўлгайдир.
- Элдан бурун кулса шоир
- Бу уят иш бўлгайдир.
- Даврон чархи айланади,
- Ўтар йиллар, кун ва ой.
- Маъюс бўлманг – аравада
- Барчамизга етар жой.
- Ҳар соҳанинг ўз пирлари
- Ўтгандир бу дунёда.
- Кимлар оту уловдаю
- Кимлар – пойи пиёда.
- Зор дилларга ўз вақтида
- Гулшан бўлинг, гул бўлинг.
- Ўз вақтида бўлинг кўприк,
- Ўз вақтида йўл бўлинг.
- Шеъру ғазал олам аро
- Доим баланд янграсин.
- Шоирларнинг эшаклари
- Ўз вақтида ҳанграсин.
2008УМР САВДОСИ
- Тушингда қуёшу қамар савдоси,
- Ҳушингда ўтин ё кўмир савдоси.
- Эмас бу тилло ё темир савдоси,
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Балки яқин бўлди олис манзилинг,
- Нечун кузги баргдек титрайди дилинг?
- Фақат пушаймонлиғ бўлмиш ҳосилинг,
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Тиниқ жилғалардай йилларинг қайда?
- Кўзларингдан ўпган гулларинг қайда?
- Бир қўлинг – манглайинг, бир қўлинг майда,
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Ким айтар кечирган сабру саботин?
- Охир айро тушди эр билан хотин.
- Сен ҳал қилармидинг алар ҳаётин?
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Айтганим бир дилнинг даъвоси эмас,
- Бу нақл азалдан бекорга келмас:
- Ҳовли-жой ё гилам савдоси эмас,
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Мен билдим нимадир ҳаёт ва ўлим,
- Кўзёшлар суғормиш ўнг ила сўлим.
- Кўнглимни кўтарма, эй сўлғин гулим,
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
- Менинг анжуманим, хилватим ҳам шу,
- Топган меҳнатим ҳам, миннатим ҳам шу.
- Менинг етиб келган ҳикматим ҳам шу –
- Умр савдоси бу, умр савдоси.
1997, 2008“ОЛТИН ҚАЛАМ” МАНЗУМАСИ
- Ҳаёт мангу этар давом,
- Сўнмагай ҳеч меҳру карам.
- Ёруғликка шиор бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Халқу Ватан, халқу Ватан,
- Олтин даштим, олтин далам.
- Сен элга дастиёр бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Тошқин солсин ҳар бир сухан,
- Мисли ёмғир, селу жалам.
- Дилларга навбаҳор бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Ватан – дуогўйим онам,
- Ватан – бешикдаги болам,
- Номус бўлгил, сен ор бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Гоҳи титраб кетар дунё,
- Гоҳи қалқиб турар олам,
- Сен огоҳ бўл, ҳушёр бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Рўйи замин, рўйи замин,
- Унсин доим гулу лолам.
- Эзгуликка сен ёр бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
- Она юртим, она юртим,
- Олтин қуёш, олтин далам.
- Сен нурли ифтихор бўлгил,
- “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
2009«Яхшию ёмондан – эркакми, аёл…»
- Яхшию ёмондан – эркакми, аёл,
- Уҳ чекиб, аста кўз юмдигу кетдик.
- Бу дунё мисоли туш билан хаёл,
- Бир лаҳза хаёлга чўмдигу кетдик.
- Узоқ яшаш мумкин иймонсиз, дилсиз,
- Лекин не қилардик Ватансиз, элсиз?
- Қанча зўр шоирлар бор эди, эсиз,
- Барини бирма-бир кўмдигу кетдик.
2009ГЎЗАЛ
- Эй қади шамшоду кўзлари жаллод,
- Бир боқсанг, қиличлар сингусимидир?
- Оғзини ғунчалар туққан паризод,
- Лабларинг асалнинг синглисимидир?
- Камон қошларингга қондошу ёндош
- Фақат камон билан ёй бўлса керак.
- Ҳусну жамолингга бериб бўлмас дош,
- Отанг – қуёш, онанг ой бўлса керак.
2009“SMS”
- Ўзимизга ўзимиз
- Йўллаймиз биз SMS:
- Улғайибди қизимиз,
- Қачон кирар эсимиз?
- Нафсимиз – тўнғизимиз
- Бўғзин қачон кесамиз?
- Ҳасад – юрак безимиз,
- Қолурми ном, изимиз?
- “Сен мени севасанми?
- Мен сени севаманми?”
- Бу – минг йиллик SMS,
- Сарсон бўлди севгимиз.
- Озғинмизми ё семиз,
- Очми ё тўқ кезимиз –
- Нечун ош-нон, тузимиз
- Шувит қилмас юзимиз?
- Бир кун тугар қиссамиз,
- Қиссамиздан ҳиссамиз:
- Худойимдан ҳаммамиз
- Олгаймиз бир SMS.
- Билайлик-да ўзимиз:
- Бу – энг сўнгги SMS.
- Очилурми кўзимиз?
- Қачон кирар эсимиз?
2009ГУМБУЛОҚ
- Қайга кетиб қолдинг, маъсум Гумбулоқ?
- Қолмиш тоғу тошу чўлу қум, булоқ.
- Биздан бир ёмонлик кўрдингми ё, айт?
- Ёки қуритдими сени ҳам ҳасад?
- Токи бино бўлмиш рўзи азалдан,
- Одамзод қутулмас риё, ғараздан.
- Кўксимиз ичра бир қуроқлар бордир,
- Гум бўлиб кетган не булоқлар бордир.
- Нечун сен ногаҳон юз буриб кетдинг?
- Балки кир дунёнинг фаҳмига етдинг.
- Бизнинг ҳам покликка етгимиз келгай,
- Лек баъзан гум бўлиб кетгимиз келгай.
- Энг олий, инсоний гўзал туйғулар
- Кетиб қолмасми, деб қочар уйқулар.
- Хас-хазон кўммасми қумлоқларини
- Меҳру муҳаббатнинг булоқларини?..
2009ТОШКЕНТ МАНЗУМАСИ
- Йиллардан йилларга эврилар йиллар,
- Орзулар ястаниб чаман бўлгайлар.
- Меҳрингдан сув ичиб ўсган кўнгиллар,
- Улғайиб эл бўлгай, Ватан бўлгайлар.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Асрлар қумлару саҳролар кечдим,
- Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.
- Қанчалар уммону дарёлар кечдим,
- Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Олис диёрлардан қўмсаб шошганим,
- Ҳар бир ҳовлинг менга кўзу қошлардай.
- Дилимни оламга сочсам, Тошканим,
- Сенга қайтиб келар қалдирғочлардай.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Жоним жимирлатган куйларинг, шаҳрим,
- Сен – меҳр навоси, ҳаёт қўшиғи.
- Бешикларга тўлсин уйларинг, шаҳрим,
- Эй улуғ зотларнинг мангу бешиги.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,
- Гуллардан ранг олиб хиноларига.
- Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,
- Айланар истиқбол биноларига.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Устувор қўрғонсан – чин дўстларингу
- Кексаю ёшларнинг тилакларида.
- Эзгулик аркасин устунларию
- Турналари билан лайлакларида.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
- Доим юраклардан таралсин ёлқин,
- Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.
- Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,
- Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.
- Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
- Оламга остонам – пойтахтим менинг.
2009«Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака…»
- Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака,
- Олис эсдаликлар мисоли отлар,
- Ҳасрат юган солар тунлар юракка,
- Осиғлиқ қамчилар кимларни ёдлар?
- Йиллар соғинч уйин чалдивор этмиш,
- Изғир яйдоқ отдай қирларда шамол.
- Кўкларда ғарибу зор қолиб кетмиш
- Синиқ узангидай музтариб ҳилол.
- Дунё найранглари – сулувларидай
- Аввал кўзимизни қамаштирмишлар.
- Сўнг ҳаёт дарёсин кечувларида
- Биз минган отларни алмаштирмишлар.
- Тун-кун айланар чарх бесўз, беовоз,
- Асл рафторини ким ҳам кўргайдир.
- Тун-кун фалак узра Буюк чавандоз
- Минг-минг тулпорларга эгар ургайдир.
- Сутдай оқ тунларнинг сомонзорида,
- Сомон йўлларининг ғубори аро,
- Ойдин адирлардан оқ тулпорида
- Кетиб бораётган отаммиди ё?
- Дилларда – умрнинг зарбу занглари,
- Юлдузлар санчилар ҳар кеч куракка.
- Болалик, ўсмирлик, ёшлик сингари
- Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака…
1980, 2009ЎЛМАС УМАРБЕКОВ КЎЧАСИ
- Ҳар кимнинг ҳам тўлар паймона, жоми,
- Умр қуёши ҳам кетар ботиблар.
- Жисми ўтар, аммо ўчмас каломи,
- Дилларда яшайди асл адиблар.
- Турфадир ҳаётнинг субҳу шомлари,
- Чиндан одам бўлиш дунёда қийин.6
- Асл адибларнинг Ўлмас номлари
- Ўлмас кўчаларга айланар кейин.
2009АСРАГИЛ
- Яралгандан буён олам, дашту саҳролар –
- Мангуликдан мангуликка оққан дарёлар.
- Азал Оллоҳ юртим деган зотларга ёрдир,
- Бу мулкларнинг чин эгаси Парвардигордир.
- Бу мулкларга келиб кетди не-не карвонлар,
- Номсиз кетди не сарвару, не-не сорбонлар.
- Бирларига бош бердингу, тараф бермадинг,
- Бирларига тож бердингу, шараф бермадинг.
- Одам бўлиб олам билан сирлашолмаган,
- Бир-бирига кеклар сақлаб бирлашолмаган.
- Қўйиб берсанг шамолдан ҳам ўлпон олгайлар,
- Инсонийлик дарёсига тўғон солгайлар.
- Не деб сўйлар оналарнинг оҳ-аллалари,
- Помирлару Олойларнинг оқ саллалари?
- Мен бир кўчат ўтқизмаган жонлардан айтай,
- Оллоҳ мулкин бозор қилган хонлардан айтай.
- Улар бугун тоғлардаги қорни сотгайлар,
- Диёнат ҳам номус билан орни сотгайлар.
- Сув бердингу, лек дилларин сен соф бермадинг,
- Нечун иймон бермадингу инсоф бермадинг?
- Ер қаъридан келаверар абадий саслар,
- Инсон нечун табиатдан олмагай дарслар?
- Қаттол қайси, қурбон қайси – Ўзинг асрагил!
- Шайтон киму раҳмон қайси – Ўзинг асрагил!
- Ўтди даврон деганларнинг қанча-қанчаси,
- Қолмиш Темур боболарнинг мушти, панжаси.
- Қўрғонлари, айвонлари қуёш диёрим,
- Сайҳунлари, Жайҳунлари талош диёрим.
- Ён қўшним, деб гоҳ бағрингни қонлар айладинг,
- Бир жонингни қирқ мингларга бўлиб тайладинг.
- Билармиди буни сенга жон бўлмаганлар,
- Ўз юртига шаън бўлмаган, шон бўлмаганлар?
- Азал олтин конларидан олтинлар чиққай,
- Мард зотларнинг ҳар сўзидан ёлқинлар чиққай.
- Бошинг узра Оллоҳ бўлсин ҳар дам паноҳинг,
- Олам сенга Ҳумо бўлсин, Олам – паноҳинг.
2010ДОМЛА
- Балки бўлмас молу қўй тўла қўра,
- Эҳтимол фақирсан ва ёким тўра.
- Оламда энг улуғ таомдир сабр,
- Бир кун ҳалво бўлиб етилгай ғўра.
- Инсоннинг кўркидир илму маърифат,
- Билимсиз одамзод – шумғия, шўра.
- Билим саодатдир, билим – зўр қудрат
- (Амир Темур бобо фикрига кўра).
- Бир умр ёруғлик таратмоқ учун
- Дилни Адабиёт нури-ла ўра.
- Фурсат ўтар-кетар, дамлар ғанимат,
- Андак фикр қилиб, ўйлагил, жўра.
- Яна кўп гапларни билмоқ истасанг,
- Ҳомиджон Ҳомидий домладан сўра.
2010ИККИ АСР – БИР ҲАЁТ
(Андрей Вознесенский (1933-2010) хотирасига)
- Тан билан руҳ бўлинди,
- Булутларга беланди.
- Ҳаёт-ку этар давом,
- Умр яшаб бўлинди.
- Бандалар ҳимояси –
- Худойимнинг сояси.
- Жон ҳилолга илинди,
- Умр яшаб бўлинди.
- Наф йўқ давру замондан,
- Қолдим энди забондан.
- Шудринг ҳам сўз тиланди,
- Умр яшаб бўлинди.
- Алвидо, эй капалак!
- Учдинг бунча жонҳалак.
- Лаҳза ўтди, ўл энди,
- Умр яшаб бўлинди.
- Бор-йўғим – икки етти,
- Етти еттига етди.
- Фалак, қил қабул энди,
- Умр яшаб бўлинди.
- Дарду ғамдан иборат
- Емрилди бу иморат.
- Дарз кетганим билинди –
- Умр яшаб бўлинди.
- Икки аср – бир ҳаёт,
- Сабру бардошу сабот.
- Тенг иккига бўлинди,
- Умр яшаб бўлинди.
- Дўконингдан, ё Раббим,
- Энди қолмади ҳаққим.
- Бор тўловлар тўланди,
- Умр яшаб бўлинди.
2010й, 1.09.ИНТИЗОРЛИК
(Андрей Вознесенскийдан)
- Ўн йил ўтиб кетди интизорликда,
- Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.
- Етиб келмоғинг-чун етарми кучинг?
- Йўлинг ёруғ бўлмоғи учун
- Шамни деразада қолдирдим ёқиб.
- Йигирма йил ўтди интизорликда,
- Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.
- Дунё разолатин енггайдир кучинг.
- Жангда сенга ёруғ бўлмоғи учун
- Шамни деразада қолдиргум ёқиб.
- Ўттиз йилим ўтди интизорликда,
- Сен йўлда. Сен менга тобора яқин.
- Мен адо бўламан, кетгайман ўчиб.
- Менсиз сенга ёруғ бўлмоғи учун
- Шамни деразада қолдирдим ёқиб.
2010ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ
- Тун чоғида томингга
- Томчилаган ёмғирдир.
- Бир томчиси – севинчу,
- Бир томчиси – оғриқдир.
- Дастасига сиғмайин
- Ерни қўмсар кетмонинг,
- Умринг – дашту далангнинг
- Меҳнатлари оғирдир.
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
- Чопонингда тупроғу
- Заҳматларнинг иси бор.
- Юзларингда минг ташвиш,
- Қисматларнинг изи бор.
- Одам Атодин қолган
- Ҳикматларнинг изи бор,
- Бу ҳикматни билмаган
- Ўз юртига сағирдир.
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
- Ким ўйлади оламни,
- Сен ўйладинг далангни.
- Даланг бирлан ўтказдинг
- Ёмғир, селу жалангни.
- Этагингда ўстирдинг
- Шунча қизу болангни.
- Тўйларига Темурдек
- Султонларни чақиртир,
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
- Нонуштанг – гоҳи юлдуз,
- Ой бўлди нону ошинг.
- Пайкалларга ўтидан
- Базм бергай қуёшинг.
- Бу бир қизғин базмким,
- Синалгайдир бардошинг.
- Терларинг шароб бўлгай,
- Кўк чойларинг чоғирдир,
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
- Кишнаб юрган тойлар ҳам
- От бўлгай, саман бўлгай.
- Элим деган элдошлар
- Бир жону бир тан бўлгай.
- Гул бўлгай, чаман бўлгай,
- Бул Ватан Ватан бўлгай.
- Эзгуликда ўтмаса
- Тақдирлар ҳам тахирдир,
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
- Тупроқ билан дардлашмоқ
- Бу – қадимий бурч, шараф.
- Сен-чун асли бу даврон,
- Сен-чун асли юрт – шараф.
- Ким етишди, ким етди,
- Ким бўлмади мушарраф.
- Юртни юрт айламоқнинг
- Заҳматлари оғирдир,
- Ўзбекистон, онажон,
- Мангу иссиқ бағирдир.
2002, 2010БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
- Шаънингга оятлар ўқилганида,
- Гувоҳ бўлган эди қуёшим, ойим.
- Хирмонга шувиллаб тўкилганингда,
- Жимирлаб кетдим-ку мен ҳам, буғдойим.
- Одам Атолардан ёдгор зироат,
- Момо Ҳаволарим боққан ҳавойим.
- Тингласам, ҳар майсанг айлар қироат,
- Илоҳий шеъримсан ўзинг, буғдойим.
- Мен сўзга гоҳ нўноқ, гоҳо моҳирман,
- Қалбим чайганларим ариғим, сойим.
- Буғдой бошоғидан унган шоирман,
- Бошоқдошингдирман мен ҳам, буғдойим.
- Ҳандалакбўй тупроқ, буғдойбўй Ватан,
- Бугун ҳар деҳқонинг – мўътабар бойим.
- Ризқу насибамни бутун айлаган,
- Ору номусимсан асли, буғдойим.
- Бир ушоқ нонинг ҳам бўлмагай увол,
- Қошу қабоғимдир асраган жойим.
- Менинг ёруғ юзим, меҳнатим ҳалол,
- Тинчлик замонимсан ўзинг, буғдойим.
- Тупроқ кафтларингга юзимни босай,
- Эй менинг заҳматкаш элим – фидойим.
- Олтин уфқлардан ранг олиб ёзай,
- Уфқларга қадар кетган буғдойим.
- Ижобат топгайдир дил айвонида,
- Нақшбанд бобода қилган дуойим.
- Сомон йўлларининг нур осмонида,
- Сенинг сеҳринг бордир ахир, буғдойим.
- Шу эл, шу уйлар, шу хонадонларни
- Балою қазодан асра Худойим.
- Юртимда отгувчи заррин тонгларни
- Мунаввар айладинг заррин буғдойим.
2010ФУКУСИМА, 2011.11.03
- Эй одамзод, ўксима,
- Чернобил, Фукусима –
- Қаттол қалъаларингдир,
- Оғриқ яраларингдир.
- Бағрингда минг ўра бор,
- Аҳволига қара, бор:
- Қора қути, қора ғор,
- Реакторинг ярадор.
- Наҳотки тараққиёт,
- Бу тамаддун, бу ҳаёт –
- Сенинг хом хаёлингдир,
- Камолинг – заволингдир?
- Шом қаро, субҳинг қаро,
- Денгиз аро, Ер аро –
- Бу ларзалар, бу дарзлар
- Сенга бўлмади дарслар.
- Юнонмизми ё ёпон,
- Барчамизга бир чўпон:
- Сурувни суриб тургай,
- Ҳаммани кўриб тургай.
- Бир офат келмагунча,
- Фалокат келмагунча –
- Каслигингни билмадинг,
- Хаслигингни билмадинг.
- Шундай жазо билан ҳам,
- Бало-қазо билан ҳам
- Онажонинг Табиат
- Айлар баъзан тарбият.
- Ўзинг буюк меъморсан,
- Гоҳ нураган деворсан.
- Фожиангга гувоҳ бўл,
- Огоҳ бўлу, огоҳ бўл!
2011ЮЗ ОҲ, ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР…
(Фироқ ва соғинч достони)
Муқаддима ўрнида
Темурийзода султонлардан бири, улуғ шоир ва давлат арбоби, йирик саркарда ва беназир тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди давру замонлар ўтгани сайин неча авлод ижодкорларини қизиқтириб келмоқда ва бундан буён ҳам шундоқ бўлмоғи муқаррар. “Шоирлиги шоҳлигидан, шоҳлиги шоирлигидан улуғ” ҳазрати Бобур қисқа бўлса-да, нечоғли зиддият ва қарама-қаршиликлар, матонат ва жасоратларга бой сертаҳлика ва сермазмун ҳаёт йўлини босиб ўтгани ўқувчиларга яхши маълум. Вақт ўтгани сари улуғ аждодимиздан қолган улкан ижодий мероснинг қадр-қиммати янада залвор ва салмоқ касб этмоқда. Аслида, “Темурийзода султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур” дейилишининг ўзидаёқ ҳамма гап айтиб бўлингандай, шу мақом ва ном тилга олиниши биланоқ бошқа сўз ва изоҳга ўрин йўқдай.
…Мактабда ўқиб юрган паллаларимиздан бошлаб, қирқ йиллардан буён дилда яшаб, хотирда янграб келаётган ўтли-ҳасратли сатрлар: “Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидур”, “Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби, Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.” Ва, албатта, абадиятга рақамланган бу оҳлар, аламлар: “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…”, “Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!”, “Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим”. Ёки: “Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур, Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур”.
“Бобурнома”ни ўқиб, Бобурни ўқиб амин бўлганимиз: йўқ, юз оҳ эмас – юз минг-юз минг оҳу зор, юз минг-юз минг соғинчу фироқдан тузилган экан бу умр, юз минг эмас – юз минг узра яна юз минг баҳор келса ҳам мангу мунглуғ бу кўнгилнинг очилмоғига деярли имкон йўқ экан.
Устоз адиблар мактаби ва тажрибасидан ўрганган ҳолда, бурч ва ҳавас тақозоси юзасидан мен ҳам бир қаламкаш сифатида Бобур бобо ижодига мурожаат қилмоққа журъат этдим. Ва бу – ниҳоятда қисқа, аммо туганмас ҳаётнинг, зим – зиё оламни ёритган чақиндай тез сўнган, лекин, мана, беш юз йиллардан буён тўхтамай давом этиб келаётган, мардлик ва матонат, ғурбату фироқ, меҳнату аламларга тўла умрнинг юз лаҳза, юз ҳолатини қўлимдан келганча ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Гоҳ Бобур ҳазратлари тилидан, гоҳ ўзимдан, гоҳи шеър, гоҳи ғазал тарзида, гоҳ рубоий, гоҳи мухаммас шаклида кўнглимдагиларни, ният ва мақсадимни иншо этишга уриниб кўрдим. Шу жиҳатдан тагсарлавҳада “достон” деб ёзилган бўлса-да, бу битикларни достон йўлидаги бир жаҳд ё уриниш дейилса тўғрироқ бўлар. Бино ёхуд иморатда бўлгани янглиғ, бунинг пойдеворига “Бобурнома” дан, Бобур шеъриятидаги энг нозик нуқталардан –хотиралар, ўй ва кечинмалар, мисралар билан байт ва рубоийлар асос қилиб олинди. Бинонинг тарҳи-лойиҳаси нечоғли пухта-пишиқ чиққани, ғиштлари билан синчлари қанчалар тўғри қўйилгани, шувоғию бўёқларигача баҳо бериш – зукко ўқувчига ҳавола.
Фақат бир таҳлика: Бобур бобонинг қаттиқ, синчков назари, ул зотнинг “Бобурнома”да Султон Маҳмуд Мирзо ҳақида “Табъи назми бор эди, девон таркиб қилиб эди. Вале шеъри бисёр паст ва бемаза эди. Андоқ шеър айтқондин айтмағон яхшироқдур” деган қатъий ва кескир сўзлари ҳозир ҳам манглайим узра қиличдек ярқираб тургандек туюлади…
2009
АЖДОД ВА АВЛОД
- Осмонлар бекорга айламас туғён,
- Чақинлар ярқираб қарс-қарс яралгай.
- Бани башар учун бир буюк султон
- Мисоли мангулик бир дарс яралгай.
- Қодир Оллоҳдандир ҳар хору ҳар хас,
- Ким боқий, ким эса абас яралгай.
- Энг юксак онларда одамзот эмас,
- Гўё янги Само ҳам Арз7 яралгай.
- Лак-лак инсонларнинг уйидир очун,
- Юз мардга гоҳ юз минг нокас яралгай.
- Дунёда абадий қондошлик учун
- Улуғ кунларда бир Ёфас8 яралгай.
- Мўъжаз қай дил аро лаҳзада гоҳо
- Юз минг оҳу нола ҳам арз9 яралгай.
- Бир кўнгил дафъатан синса мабодо
- Бутун оламга ҳам зўр дарз яралгай.
- Темурхон наслидин султон Улуғбек –
- Навоийдан ўлмас сўз – сас яралгай.
- Борми шаъну шавкат, довруқ бунингдек?
- Қиёматга қадар шул баҳс яралгай.
- … Дунёга келмишдир ҳазрати Бобур,
- Даҳолар ҳам қарзу ҳам фарз яралгай.
- Шерларнинг зурёди фақат шер бўлур,
- Йўлбарс авлодидан йўлбарс яралгай.
2009“БОБУРНОМА”
- * * *
- Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
- Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.
- Ҳар ким бу “Вақойиъ”10ни ўқур, билгайким,
- Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.
- * * *
- Ҳар вақтки, кўргасен менинг сўзумни,
- Сўзумни ўқуб, соғинғасен ўзумни.
* * *
“Бу битилганлардин ғараз шикоят эмас, рост ҳикояттурким, битибтурмен. Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзнинг таърифи эмас, баёни воқии бу эдиким, таҳрир этибтурмен. Чун бу тарихда андоқ илтизом11 қилилибтурким, ҳар сўзнинг ростини битилгай ва ҳар ишнинг баёни воқиини таҳрир этилгай. Ложарам12 ота-оғадин (ини-оғадин) ҳар яхшилиқ ва ёмонлиғким шойиъ эди, тақрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ва ҳунарким баёни воқиъ эди, таҳрир айладим. Ўқуғувчи маъзур тутсун, эшитгувчи таарруз13 мақомидин ўтсин”.
(Тўққиз юз ўн иккинчи (1506-1507) йил воқиалари)
* * *
- “Бобурнома”,
- “Бобурнома” –
- Шоҳ шоирдан авлодларга
- Мангу ўлмас
- Қадрнома.
- Бунда кўнгил лоласидир,
- Бунда умр ноласидир,
- Дарду ғам мақоласидир,
- Ҳар бир нома –
- Тақдирнома.
- Неча бир ҳукмронлардан,
- Амирлардан, хоқонлардан,
- Давлатлару давронлардан
- На ном қолди,
- На бир нома.
- Бобур чеккан изтироблар,
- Ранжу заҳмат ҳам азоблар,
- Буюк ҳижронидан боблар,
- “Бобурнома” –
- Жабрнома.
- Юрагининг ҳар бир зарби,
- Зафарлари, ҳарбу зарби,
- Ҳар бир ҳарфи – кескир, ҳарбий,
- Ҳар бир нома –
- Ҳарбийнома.
- Буни Бобур ўзи қурган,
- Қалб қонию сўзи қурган.
- Тожмаҳалдан ҳам зўр қўрғон,
- “Бобурнома” –
- Кабир нома.
- Шерюракли мард ўғлонлар,
- Ёвқур беклар ва султонлар
- Яшар яна минг замонлар.
- “Бобурнома” –
- Ботирнома.
- Умри ўғлига бахш кетган,
- Ўз сўзини кафан этган,
- Ўзини ўзи дафн этган.
- Қалбда қолди қай бир нома?
- “Бобурнома” –
- Хотирнома.
- Бу – менинг ҳам дил достоним,
- Шунча эканми армоним?
- Қандай чидабсиз, султоним?
- Сабрнома “Бобурнома”,
- Сабрнома “Бобурнома”.
УМАРШАЙХ МИРЗО14
* * *
“Равон саводи бор эди. “Хамсатайн”15 ва маснавий китобларни ва тарихларни ўқуб эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Табъи назми бор эди, вале шеърға парво қилмас эди”.
(Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқиалари)
* * *
- “Шоҳнома” ўқийди Умаршайх мирзо,
- Ўқир “Хамсатайн”лар оҳномасини.
- Билмаски, ўз ўғли айлагай иншо
- Бир буюк миллатнинг шоҳномасини.
- Шоҳ шоирнинг оҳномаси – “Бобурнома”,
- Ҳарбу зарб, жанггоҳномаси – “Бобурнома”.
- Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си бордир агар,
- Туркийларнинг шоҳномаси – “Бобурнома”.
ЎН ИККИ ЁШЛИ БИР ТЕМУРИЙЗОДА
* * *
“Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати бирлан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”.
(Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқиалари)
* * *
*
- Муштарий ярқирар авжи фазода,
- Мовароуннаҳр яна низода.
- Миррих ва ё Зуҳал тўзғитдими чанг –
- Ерда бошланади тўполон ё жанг.
- Ҳали хаёллари тиниқ ҳам содда –
- Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
- Ҳали отаси ҳам жардан учмаган,
- Кўнгил полапонин ҳижрон қучмаган.
- Хаёли кўкдаги каптарлардадир,
- Билмаски, бор умри хатарлардадир.
- Билмас, не битилган ҳукми қазода,
- Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
- Қирда чопиб юрган қулунларки бор,
- Дашту кенгликларни айлар ихтиёр.
- Ҳали майсадайин ўйловгинаси,
- Энди хат чиқармиш мўйлабгинаси.
- Қўлдаги ўқ-ёйи ўйнар ҳавода,
- Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
- Оти эгарланган – асрлар томон
- Олиб учмоққа шай уни шу замон.
- Бу ном – то жаҳон бор, сарбаланд бўлгай,
- Ҳали уч юз йиллик салтанат бўлгай.
- Қадду басти расо, ақли расо-да,
- Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
- Умр тулпор эса – ёллардир йиллар,
- Бундан сўнг кечгайдир ёлларда йиллар.
- Азал ҳукмдори не қилмиш – ҳақдир,
- Тожу тахт тайёрлаб турмишдир тақдир.
- Белда – кўркам қилич, ўзи – озода,
- Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
“БАҲОР АЙЁМИДУР”
(Мухаммас)
- * * *
- Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
- Ғарибингға тараҳҳум айлағилким, Андижонийдур.
- * * *
*
- Булут эрмас, кўк узра тарқаган кўнгил гумонидур,
- Гумон қилмак бу дамда бегумон дилнинг зиёнидур,
- Кўкарган хор ила хаслар тирикликнинг нишонидур,
- Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
- Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
- Нигорнинг чеҳраси гоҳ ишқ нақлидин эрур гулгун,
- Гаҳи ҳусну латофат, гоҳи ақлидин эрур гулгун,
- Букун боғим менинг ёр қадди нахлидин эрур гулгун,
- Гаҳе саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
- Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.
- Яна кўнгил қатидин кетди бир-бир занг гуллардин,
- На хушдур етса кўксингга муаттар чанг гуллардин,
- Яна ўксук жаҳонингда талошу жанг гуллардин.
- Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,
- Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳонидур.
- Кўйингда ончалар даҳр ичра қилмишдир бу дил зори,
- Ки яхлит лоларанг ўлмиш харобот бирла кулзори,
- Аламлар тарқалиб буткул, туганмиш ранжу озори,
- Юзинг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
- Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
- Руҳимга иштиёқ солған зумуррад майсаси қирнинг,
- Гўзал тушдир бу айёмлар, баёнин қилма таъбирнинг,
- Букун етмоқдаман зимнига аста-аста бир сирнинг,
- Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
- Ғарибингға тараҳҳум айлағилким, Андижонийдур16.
“ҲО, ДАРВЕШ”
* * *
“Хўжанд била Конибодом орасида бир дашт тушубтур, Ҳодарвешға мавсумдур17. Ҳамиша бу даштта ел бордур. Марғинонгаким шарқидур, ҳамиша мундин ел борур. Хўжандғаким ғарбидур, дойим мундин ел келур: тунд18 еллари бор. Дерларким, бир неча дарвеш бу бодияда19 тунд елга йўлуқуб, бир-бирини тополмай, “Ҳо, дарвеш”, “Ҳо, дарвеш” де-де ҳалок бўлубтурлар, андин бери бу бодияни Ҳодарвеш дерлар”.
(Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқиалари)
* * *
*
- Ҳо, дарвешо, ҳо, дарвеш,
- Умр бир бўйро, дарвеш.
- У ҳам тўзғиб кетгайдир,
- Қолар бир саҳро, дарвеш.
- Ҳо, дарвешо, ҳо, дарвеш.
- Бор-йўғинг бир мезондир20,
- Тўрт томонинг тўзондир.
- Соч-соқолинг хас бўлса,
- Жисму жонинг хазондир,
- Ҳо, дарвешо, ҳо, дарвеш.
- Даҳр ранжлиғ ҳам ранглиғ,
- Зарлари ҳам занг янглиғ.
- Сен кетгунг бир ғубордай,
- Сен кетгунг бир чанг янглиғ,
- Ҳо, дарвешо, ҳо, дарвеш.
- Ул ўтлуғ оҳ қайдадир?
- Бобур подшоҳ қайдадир?
- Кўкдаги моҳ оҳ уриб,
- То қиёмат айтадир:
- Ҳо, дарвешо, ҳо, дарвеш!
“АНДИЖОН КЎРИНАДИР…”
* * *
“Бир-икки кундин сўнг Кандирлик добони била Ахси ва Андижон сари азимат қилдим. Ахсиға етиб отамнинг мазорини тавоф қилдим”.
(Тўққиз юзинчи (1494-1495) йил воқиалари)
* * *
*
- Андижон кўринадир,
- пайванди жон кўринадир,21
- Осмони ерда, ери
- осмон кўринадир.
- От чопиб юрганларим
- ёдимга тушса ҳар замон,
- Қирларида лолалар
- бағримда қон кўринадир.
- Эй Самарқанд, алвидо,
- осмонларингни ўйласам,
- Ҳар булутдин менга бир
- соҳибқирон кўринадир.
- Бир хазон япроғидек
- мен бу диёрдин кетмишам,
- Кўзима икки жаҳон
- баргихазон кўринадир.
- Тоғларинг ҳам бошима
- сермар чақинлардин қилич,
- Эй фалак, ниятларинг
- асру ямон кўринадир.
- Менга берган ранжларидан
- гар ҳикоят айласам,
- Қанча беку қанча мирзо,
- қанча хон кўринадир.
- Тожу тахтдин жонларим
- бўғзимга келмиш шунчалар,
- Эй даҳр, тобутларинг
- тахтиравон кўринадир.
- Бир уюм тупроқ бўлиб
- қолмиш Ватанда волидим,
- Бир уюм тупроқда бор
- кавну макон кўринадир.
“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ”
* * *
“…Ул фурсатлар Темурия салотини дастури била тўшак устида ўлтурур эдим”.
(Тўққиз юз биринчи (1495-1496) йил воқиалари)
* * *
*
- Бобомдан қолган эй сўзлар, аё сўзлар,
- Менга дармону қувват ҳам даво сўзлар.
- Бобом қурган саройлар ичра сизлар ҳам
- Буюк бир қўрғонсиз даҳр аро, сўзлар.
- Менинг шаъну ғурурим ҳам шараф-шоним,
- Турар дунё турар то бу бино, сўзлар.
- Жаҳонгирлик била фатҳу зафарлардин
- Дилимга сиз берибдирсиз сафо, сўзлар.
- Ики кафтин очиб тургандайин бобом,
- Қолибдурсиз менга мисли дуо, сўзлар.
- Жам ўлмиш ҳарбу зарбнинг санъати сизда,
- Гувоҳдир оламу арзу само, сўзлар.
- Жаҳон то олгуси давлатчилик дарсин,
- Жаҳон давлатлари сизларда жо, сўзлар.
- Мисоли наррашернинг наърасидирсиз,
- Берурсиз то қиёмат сиз садо, сўзлар.
- Улуғвор салтанат шундоқ бино бўлмас,
- Кўрибсиз қанчалар жабру жафо, сўзлар.
- Оғирдир подшоҳлик бирла бахт йўли,
- Бўлингиз менга ҳам сиз раҳнамо, сўзлар.
БУ МИРЗОЛАР
* * *
“Бу мирзолар андоқ ифрот22 била фисқ ва айшға машғул эдиларким, отасидек кордида ва кордон 23 подшоҳ тушчилик йўл келиб, рамазондек мутабаррак ва азиз ойға кечалик фурсат қолиб, отасидан ийманмай, Тенгридан қўрқмай, ҳануз иши чоғир ичмак эди нашот24 била, мажлис оролиқ эди инбисот25 била. Муқаррардурким, мундоқ бўлғон киши андоқ шикаст топқай ва бу навъ ўтган элга ҳар ким даст топқай26”.
(Тўққиз юз иккинчи (1496-1497) йил воқиалари)
* * *
*
- Бу мирзолар разилликсиз,
- риёсиз сайрай олмаслар,
- Бу мирзолар фасоду айшу
- майсиз яйрай олмаслар.
- Бу мирзолар тилини ғийбату
- фисқ бирла қайрабмиш,
- Бу мирзолар қилични лек
- қиличга қайрай олмаслар.
- Бу мирзоларнинг ортида
- яна мирзолари бордир,
- Бу мирзоларга юрт бермангки,
- ҳаргиз асрай олмаслар.
“ТЕМУРБЕК СОЛҒОН ИМОРАТЛАР…”
* * *
“Темурбек солғон олий иморатлардин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг аркида воқиъ бўлубтур. Ажаб хосиятлиқ имораттур. Темурбек авлодидин ҳар ким бош кўтариб тахтқа ўлтурса ҳам мунда ўлтурур, ҳар ким тахт доияси била бош қўйса ҳам мунда қўяр…”
(Тўққиз юз биринчи (1495-1496) йил воқиалари)
* * *
“Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдандур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар… Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур…”
(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)
* * *
“Темурбекнинг ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур. Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндустондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар. Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни “Ва из ярфау Иброҳимал-қавоида (ило охириҳи)”27 андоқ улуғ хат била битибтурларким, бир куруҳ ёвуқ ердин ўқуса бўлур. Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодур. Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктурубтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндустон урушини тасвир қилибтурлар. Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида Конигилнинг қора суйининг устидаким, бу сувни Обираҳмат дерлар, бир боғ солибтур. Нақши жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди. Яна Самарқанднинг жанубида Боғи Чанордур, қалъаға ёвуқтур. Яна Самарқанднинг қуйи ёнида Боғи Шамол ва Боғи Биҳишттур. Темурбекнинг набираси Жаҳонгир мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон мирзо Самарқанднинг тош қўрғонида – чақарда бир мадраса солибтур. Темурбекнинг қабри ва авлодидин ҳар кимки Самарқандга подшоҳлик қилибтур, аларнинг қабри ул мадрасададур”.
(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)
*
- Темурхондин ҳикоят айлагайлар бу иморатлар,
- Замонлардин ривоят айлагайлар бу иморатлар.
- Фалак, гунбазларингни Ерда кўрдим мен шу маъвода,
- Ажаб сеҳру синоат айлагайлар бу иморатлар.
- Буюк бу салтанат донғи қаритгай минг асрларни,
- Асрларни бидоят28 айлагайлар бу иморатлар.
- Тамоми етти иқлимни шараф овозаси кезгай,
- Муқим ҳолда саёҳат айлагайлар бу иморатлар.
- Тамаддун пойтахти, ору номуснинг қароргоҳи,
- Жаҳон бирлан рақобат айлагайлар бу иморатлар.
- Жаҳонда шону шавкат, куч ва қудрат таъна қилганлар,
- Қаранг, недин сиёсат айлагайлар бу иморатлар.
- Ётибдур бунда хоқонлар, улуғ беклар ва султонлар,
- Жаҳон бор то – ҳимоят айлагайлар бу иморатлар.
- Фалакки қанча ранж этмиш, иморатларга ҳам тегмиш,
- Фалакдин кўп шикоят айлагайлар бу иморатлар.
- Самарқанд, рубъи маскунда қаён борсам, соғингайман,
- Дилимда зўр қиёмат айлагайлар бу иморатлар.
- Валийлар бунда ётмишдир, риёзат бирла келгай ким,
- Зиёратга иноят айлагайлар бу иморатлар.
- Азим пештоқлари Қуръон зиёсидин мунаввардир,
- Эшит, сокин қироат айлагайлар бу иморатлар.
- Тизилмишлар қатор, гўёки тарих жойнамозида
- Садо этмай, ибодат айлагайлар бу иморатлар.
- Тавоф этсанг агар дилдан – дилинг кўкка этар маъво,
- Дилинг соҳибдиёнат айлагайлар бу иморатлар.
- Минора, қуббаларга боқ – ғуруринг юксалиб боргай,
- Сени уйғоқ иморат айлагайлар бу иморатлар.
- Келибсан, қошига бошинг эгиб, оятларин ёд эт,
- Таололлоҳ, ҳидоят айлагайлар бу иморатлар.
СУЛТОН УЛУҒБЕК. РАСАДХОНА. “ЗИЖИ КЎРАГОНИЙ”
- Темурхон наслидин султон Улуғбек
- Ки, олам кўрмади султон анингдек.
- …Расадким29 боғламиш – зеби жаҳондур,
- Жаҳон ичра яна бир осмондур.
- Билиб бу навъ илми осмоний
- Ки, андин ёзди “Зижи Кўрагоний”.30
- Қиёматға дегинча аҳли айём,
- Ёзорлар онинг аҳкомидин аҳком.31
(Мир Алишер Навоий, “Фарҳод ва Ширин”)
* * *
“Улуғбек мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гунбази бисёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ деб нишон берурлар…
Яна бир олий иморати Пуштаи Кўҳак доманасида расаддурким, зич битмакнинг олотидур.32 Уч ошёнлиқдур.33 Улуғбек бу расад била Зичи Кўрагонийни битибдурким, оламда ҳоло34 бу зич мустаъмалдур.35 Ўзга зич била кам амал қилурлар. Мундин бурун Зичи Элхоний мустаъмал эдиким, Хожа Носир Тусий Ҳалокухон замонида Мароғада расад боғлабтур. Ҳалокухондурким, Элхон ҳам дерлар. Ғолибо оламда етти-секкиз расад беш36 боғламайдурлар. Ул жумладин бир, Маъмун халифа расад боғлабтурким, Зичи Маъмунийни ондин битибтурлар. Бир Батлимус37 ҳам расад боғлабтур. Яна бир Ҳиндустонда рожа Бикраможит ҳинду замонида Ўжин ва Даҳордаким, Молва мулкидур, ҳоло Мандуға машҳурдур. Яна бир расад қилибтурлар, ҳоло ҳиндуларнинг мустаъмал Ҳиндустонда ул зичдур. Бу расадни боғлағони минг беш юз сексон тўрт йилдур. Бу ул зичларға боқа ноқисроқтур”.38
(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)
*
- Улуғ султон Улуғбекнинг улуғ ному нишонидур,
- Унинг умрий азоби, меҳнати ҳам жисму жонидур.
- Фалак тоқигача кетган мунаввар зиналар эрмас,
- Бу – “Зижи Кўрагоний”дур, бу – “Зижи Кўрагоний”дур.
- Темурхон гар Самарқанддин Замин мулкини забт этди,
- Само мулкини олган ҳам Самарқанд ўғлонидур.
- Фақат мирзо Улуғбекка дахлдор довруқ эрмас бу,
- Тамоми Темурийларнинг ғурури бирла шонидур.
- Замонким маърифат бирлан жаҳолат лашкарин енгди,
- Замонлар ичра, билгайсиз, замонларнинг замонидур.
- Фалакни эслатур гунбазларинг зангор заминингда,
- Бу гунбазлар, бу ранглар бунчалар ҳам осмонийдур.
- Сўранг олам юзининг жумла шоҳу авлиёсини –
- Самарқандий, Бухорий, Термизий ё Андижонийдур.
- Азалдан барча ошиқ аҳлига нондир агарчи ой,
- Бу юлдузлар – заковат қушларининг мангу донидур.
- Расадхона эмас, кошонаси илму тафаккурнинг,
- Турар токи турар дунё – хазойин ул-маонийдур.39
- Самарқанд, коинот дарвозасин оламга очгансан,
- Бу – “Зижи Кўрагоний”дур, самовийдур, жаҳонийдур.
ЛАҚЛАҚА МАСЖИДИ
* * *
“Самарқанднинг қалъасининг ичида яна бир қадимий иморатдур, масжиди Лақлақа дерлар. Ул гунбазнинг ўртасида ерга тепсалар тамом гунбаздин “лақ-лақ” ун келур, ғариб амредур, ҳеч ким мунинг сиррини билмас”.
(Тўққиз юз учинчи (1497-1498) йил воқиалари)
* * *
*
- Азалдан одам авлоди
- жаҳонга бевафо келгай,